» » «Қаерда зўр фолбин бор?»

«Қаерда зўр фолбин бор?»


«Фалончи мени кўролмай, ирим-сирим қилиб остонамга ташлаб кетибди», «Қайтарма қилдирмоқчиман», «Бирорта дами ўткир мулла топиб беринг, фол очдиргандим: «Уйингни етти марта ўқитиб тозалат», деди», «Қаерда зўр фолбин бор?» ёки «Овсиним қизимнинг бахтини боғлаб ташлабди, ариқдаги сувни чаппа оқиздирадиган фолбин айт-ди» каби ахмоқона гаплар кўпчилигимизнинг қулоғимизга чалинган. Яратганга хуш келмайдиган амал билан шуғулланувчилар ҳам талайгина. Энг ачинарлиси, уларнинг буйруғини сўзсиз бажариб, гумон ила имондан айрилиб, ҳатто яқин қариндошлари билан юзкўрмас бўлиб икки дунёсини куйдирадиганлар сони ҳам салмоқлигина. Уларга тутаётган йўллари хатолигини тушунтиришга уринсангиз, «Фолга ишонма, фолсиз ҳам юрма» ёки «Чўпдан халос», дейишган», деган жавобни оласиз. Қизиғи, шифокорга боришдан кўра фолбин айтган қора товуқ билан ўзини «қонлатиб», қўй, эчки, ёки калла билан «фотиҳа олиб» дарддан фориғ бўлганлар ҳақида нима де-йишгаям ҳайрон қоласан киши. Хўш, ўзи бошига мушкул иш тушганда одамлар нажот истаб ахтариб қоладиган фолбинлар аслида киму, фолбинлик нима? Маълумотларни кўздан кечирамиз.
ФОЛБИНЛИК – бу ғайбни билиш даъвосини қилувчи кимсаларнинг машғулоти бўлиб, унинг «коҳинлик», «аррофлик» каби номлари мавжуд. «Коҳин» – келажакда бўладиган нарсалар ҳақида хабар берувчи бўлиб, унга бу хабарларни жинлар етказишини, «Арроф» – эса турли ишларнинг бошланиш сабаблари ҳамда йўқолган нарсаларни ким ўғирлаганини ёки қаерда эканини билишини даъво қилувчи киши. Уларнинг номлари икки хил бўлса ҳам мазмун-моҳияти биттадир.
Динимиз таълимотига кўра, бу каби ишлар билан шуғулланиш Қуръони карим ҳукми билан ҳаром қилинган ва шаръан қораланган. Фолбинлик билан бир қаторда «сеҳр», «сеҳргарлик» каби тушунчалар ҳам мавжуд. «Сеҳр» — луғатда сабаби махфий бўлган нарса маъносини англатади. Сеҳрнинг қуйидаги турлари мавжуд:
ШАЪВАЗА – бу фокус усулида чаққон ҳаракат билан томоша кўрсатиш.
НУШРА – бу «жин теккан» кишининг сеҳргар ёки фолбин ҳузурига бориб даволанишига айтилади. Булар ҳам доимий ҳамтовоқлари жинларнинг мададига таянади. Даволашнинг бу тури сеҳрни жинлар ёрдамида ечилгани сабабли ҳам нушра деб аталган. Унинг ҳаром амал эканлигига қуйидаги ҳадис далил бўлади: «Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан нушра ҳақида сўрадилар. Шунда у зот: «У шайтоннинг амалидандир» деб жавоб қилдилар».
АЗАЙИМХОНЛИК – бу араб тилидаги «азима» сўзининг кўплиги бўлиб, бунда дам солувчи жинлардан мадад сўраб дуо ўқийди.
АВФОК – бу махсус геометрик шакллар ичига ёзилган рақам ва ёзувлар. Бунда шаклларни қоҚозга ёзиб ўзи билан олиб юрса, бахт-омад келтиради ёки унинг кетидан қувиб юради деб ўйлашади.
ТАНЖИМ ёки МУНАЖЖИМЛИК – бу осмон жисмлари яъни юлдузларнинг жойлашувига қараб, ерда бўладиган ҳодисаларни билиш. Ҳозирги кунда инсонларни тўғри йўлдан адаштиришга хизмат қилаётган «мунажжимлар башорати» ҳам шу турга киради.
Фолбинлик, сеҳргарлик каби иллатлар мусулмон кишини диндан чиқариб юборишга сабаб бўладиган оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Фолбинлар қора қўчқор, олачипор ёки қизил хўроз кабиларни келтиришни талаб қиладилар. Сўнг уни сўйиб, қонини касалга суртиб, ўзини эса ташландиқ ерларга отиш асносида Аллоҳнинг исмини зикр қилмасликка буюрадилар ва шу орқали жинлардан ёрдам сўрайдилар. Жинлар эса, фолбин тилида ва дилида кофир бўлмагунча унга ёрдам бермайди. Фолбин қанча гуноҳкор бўлса, жинлар ҳам унга шунча яқин бўлаверади.
Келажакни билиш, йўқолган нарсаларни билиб бериш, бирор кимсага сеҳр ва иссиқ-совуқ қилиш  каби масалалар юзасидан фолбин, сеҳр-жоду қилувчилар ва коҳинлар олдига бориш шаръан ҳаром бўлиб, уларнинг айтганларини тасдиқлаш оғир гуноҳ, ширк келтириш ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом бундай тоифа инсонлар ҳақида ҳам хабар бериб: «Киши фолбин ҳузурига бориб, айтганларини тасдиқламасдан чиқиб кетган тақдирда ҳам 40 кунгача унинг ибодати қабул бўлмайди» деб таъкидлаганлар.

Шу ўринда мавзумизга оид бир ҳикояни эсласак жоиз бўлади: Амир Темур бобомиз ҳузурларига аёнларидан бири югуриб келиб, «Эй шоҳим, сизнинг келажагингизни айтиб берадиган жуда ҳам кучли фолбин келди» деганда: «Дарҳол унинг бошини танасидан жудо қилинглар!», деб буюрадилар ва ҳайратланган аёнларга: «Агар у келажакни билган фолбин бўлганида эди, менинг олдимга келмасди», деган эканлар.
Демакки, пешонамизга битилганига рози бўлиш, ҳар бир иш: яхшилик ёки ёмонликми Аллоҳдан деб билиш ва сабр қилиш, фирибгарлардан эмас, фақатгина Яратгандан нажот кутиш керак экан. 
Ҳеч бир кимса ҳидоят йўлидан адашмаслигини ният қилдик.
                   
                    Д. КАМОЛОВА.

комментариев