» » ​​МЕНИНГ СОДИҚ ЁРИМ ҚОРА ТУПРОҚДИР...

​​МЕНИНГ СОДИҚ ЁРИМ ҚОРА ТУПРОҚДИР...

Умрни ярмини ўйлаб,  ярмини ўйнаб ўтказар эдик.  Карантин туфайли уйга қамалдик,  вақтнинг ҳаммасини ўқиш ва ёзишга сарфлаяпмиз.  Шу карантин тугагунча кўп йиллардан бери қилаётган ишимиз бўлган минг саҳифали ТУРКИЙ ТАСАВВУФ ШЕЪРИЯТИни ўзбекчага чевирмоқчимиз.  Битта таржима шу бугунги ишлардан бир чимдими... 


ОШИҚ ВЕЙСАЛ 
 
ХIII асрдан бошланган турк тасаввуф адабиёти ошиқ шеъриятининг 20 асрдаги энг йирик шоирларидан бири туркнинг буюк халқ шоири Ошиқ Вейсал Шотирўғлидир. 


1894 Сивасдаги Савриалан кўйида дунёга келган. Ўзининг айтишича, онаси Гулузор она Айиқпинар яйловида подада сут соғаётган пайтида сигирнинг олдида туққан ва киндигини қайроқтош билан кесган. 


Етти ёшлигида Сивас аҳлини қирган чечак касалига чалинган ва икки кўзи ҳам кўрмай қолган. Отаси Аҳмад Қорача тасалли бўлсин дея, уни куйга ва ошиқ шеърларига ўргатган ва Мустафо Абдол такясига берган. 1933 йилга қадар, қўлга соз олиб, Пир Султон, Ошиқ Карам, Камтар Бобо, Ошиқ Али, Қорачаўғлон ва Арзирумли Имроҳ шеърларини куйлаган.
 
Дунёни кўришга кўзлари кўр ошиқ шоир ўз ҳузунини шеърга сола бошлади:


Истардим ҳаётда душман-ла талош, 
Миллатимга қурбон бўлсайди бу бош.
Насиб эмас экан шаҳидлик, қардош, 
Иймоним, ниятим менга кафилдир...
 
1919 йилдан, 25 ёшида уйланади. Бир қиз ва бир ўғил кўради, ўғил гўдаги ўн кунлигида вафот этади. Икки йилдан сўнг онаси, яна саккиз ой ўтгач, отаси бу дунёни тарк этади. Кўзлари кўр шоирга ёш боласини ташлаб, хотини ҳам кетиб қолади.  1921 йилда Гулузор Хонимга уйланади ва ундан олти фарзанд кўради. 1973 йилда вафот этади.


ҚОРА ТУПРОҚ

Дўст-дўст, дея нечасини алдандим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.
Бехуда севиндим, бекор тўлғондим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Неча гўзалларга боғланиб қолдим,
На бир вафо кўрдим, на фойда билдим,
Нимани истасам, тупроқдан олдим, 
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Қўйни берди, қўзи берди, сут берди,
Емак берди, нонни берди, эт берди.
Шудгор қилдим, кавладиму қут берди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Одамдан бу дамга наслим келтирди, 
Менга турли-туман мева едирди,
Ҳар кун мени ўз устида кўтарди, 
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Қорнин ёрдим кетмон билан, бел билан,
Юзин йиртдим тирноқ билан, қўл билан, 
Яна мени қаршилади гул билан –
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Заҳмат чекар эдим – менга куларди,
Бунда ёлғон йўқдир – ҳар ким биларди:
Битта ниҳол эксам, бўстон бўларди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Ҳавога қарасам, ҳаво оларман,
Тупроққа қарасам, дуо оларман.
Тупроқдан айрилсам, қайда қоларман...
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Тилагинг, истагинг бўлса Аллоҳдан,
Олмоқ учун узоқ кетма тупроқдан.
Жўмардлик тупроққа берилмиш Ҳақдан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Ҳақиқат истарсан аччиқ бир оҳда,
Аллоҳ қулга яқин, қул ҳам Аллоҳга,
Ҳақнинг гизли хазинаси – тупроқда,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Барча айбимизни тупроқ яширар, 
Малҳам бўлиб, ярамизни битирар,
Қўлим очиб, йўлларимни тузатар,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Ҳар кимки бўлолса бу сирга мазҳар,
Дунёга ташламас бирор-бир асар.
Кун келар, Вейсални бағрига босар –
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.


Карим БАҲРИЕВ таржимаси.

комментариев