» » Ниқоб фақат иякни бекитиш учунми?!

Ниқоб фақат иякни бекитиш учунми?!

        Дунё аҳлини хавотирга солаётган кўзга кўринмас офат – коронавирус инфекциясининг юртимизга кириб келганига ҳам мана тўрт ойдан ошди. Ўзбекистонда  касаллик инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш юзасидан  ўз вақтида кўрилган аниқ ва тизимли чоралар  ҳақида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар мутахассисларининг эътирофидан хабаримиз бор. Муҳими, эндиликда юртдошларимиз коронавирус инфекциясини  юқтириб олмаслик учун қандай талабларни бажариш лозимлигини яхши билишади.Шундай қатъий талаблардан бири –уйдан ташқарида (аслида уйда ҳам) инфекциянинг мулоқот чоғида юқишини камайтириш мақсадида хавфсизлик ниқоби тақишдир. Хўш, 
ҳозирги қатъий карантин даврида тумандошларимизнинг барчаси  шу оддийгина талабга риоя қиляптими? Афсуски, матбуот ва ижтимоий тармоқлар орқали коронавируснинг мудҳиш оқибатлари ҳақидаги тарғиботларга қарамай, «Касаллик менга юқмайди!» қабилида хавф-хатарни назар-писанд қилмаётган юртдошларимиз учраб қолаяпти.  Дори –дармон харид  қилиш мақсадида Тойлоқ шаҳарчасига борганимда, нохуш манзарага гувоҳ бўлдим; катта йўл четидаги  бекатда турган  ва аксарияти ёш-яланглардан иборат бўлган ўндан ортиқ йўловчиларнинг  деярли, барчаси ниқобларни иягигача тушириб, бемалол суҳбатлашишмоқда эди. Олисроқдан ички ишлар ёки миллий гвардия ходими кўриниб қолса, дарров оғиз-бурунни ниқоблашади. Ажабо, ниқоб фақат жарима тўламаслик учунми? Бу каби кўзбўямачиликдан кимга наф-у кимга зарар?!  Саломатлик биринчи галда ўзимизга керак эмасми? Шу ҳақда наҳот ўйлаб кўрмаймиз?! Қўлида ниқобини ўйнаб ўтирган ўн етти ёшлар чамасидаги ўспирин  томон йўналганимда, мендан икки қадамча наридаги йигитнинг кулги аралаш хитоби эшитилди: 
 – Ниқобни туширавер, жўра!  Машина ўтиб кетди!...
                                                    А. САЛОМ.

комментариев