» » Ёшлар – келажагимиз пойдевори

Ёшлар – келажагимиз пойдевори

Эртанги кун эгалари бўлмиш ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўтган йилларда ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.
Ёшларнинг фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.
Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 
Ушбу йиғилишда ёшлар ва хотин-қизларга оид бир қатор масалалар билан биргаликда уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларда мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш ҳиссини кучайтиришга, шунингдек ёшларнинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда, мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётидаги иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда алоҳида эътибор бериш лозимлиги таъкидланди. 
Бугунги шиддат билан ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги уфқ ва имкониятлар очиш билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор этмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон ёшларининг замон билан ҳамнафас бўлиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларидаги тенгдошлари билан самарали мулоқот, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ўрнатиши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Нодир ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси.

комментариев