» » ЭПЛАГАНГА ЭЛАКДА СУВ…

ЭПЛАГАНГА ЭЛАКДА СУВ…

Ўзбекистон маҳалласининг Тожикравот  қишлоғида яшовчи  65 ёшли  Зариф Раҳимов 15 сотихлик иссиқхонасида  помидордан мўл  ҳосил етиштирди.
       Иссиқхонага кираверишда бизни  Зариф  ака  ва  Ўзбекистон  маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асад  Ҳайитовлар  қарши олишди.
  — Зариф ака етмиш ёшни қоралаб бораётган  бўлса ҳам ғайрат-шижоати йигитларникидан қолишмайди — деди МФЙ раиси А. Ҳайитов,— Шунинг учун помидор ҳосили рекорд даражада бўлди.  Маҳалламизда бундай тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаб турибмиз.
Зариф аканинг айтишича иссиқхона 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, бултур ҳам бодрингдан юқори ҳосил олинган. 
— Яхши ҳосил олиш учун ерга меҳр бериш  керак, — дейди миришкор деҳқон,— Кўчатларни  яхши  парвариш қилганлигимиз учун помидор  ҳосили  ҳам шунга яраша бўлди.  Кечагина бешинчи теримни якунладик. Ҳар бир теримдан  ўртача  2-2,5 тонна помидор териб олдик.  Шунга қарамай, ҳали ҳам ҳосилнинг чўғи баланд.  Яна беш тоннадан кўпроқ ҳосил олишни кўзлаяпмиз.
Иссиқхона юмушларида Зариф  акага турмуш ўртоғи Назира опа,  ўғли Рамизжон, келини Гули, қизи Манзура ва невараси Дилшодлар мададкор бўлишмоқда. 
«Эплаганга — элакда сув», дейди доно халқимиз. Инсон ниятини пок қилса, шу йўлдан астойдил  олдинга интилса, албатта, мақсадига эришади. Буни тожикравотлик  томорқачи Зариф  Раҳимов мисолида  кўрдик.
   Р. ҚАҲҲОРОВ,
  Ж. ТУРСУНОВ,
  туман молия бўлими ходимлари.

комментариев