» » Қадри баланд бўлсин тилимнинг

Қадри баланд бўлсин тилимнинг

Тил. У — ота-боболаримиз, аждодларимизнинг руҳи, муборак ёди, уларнинг ўзлиги, миллийлигини асраб, авлодларга мерос бўлиб келган бебаҳо бойлик, бешигимизни алла бўлиб тебратган, кўнгил хазинасининг калитидир. 
Талабалик йилларимда юртимизга ўзбек тилини ўрганиш учун Корея, Япония, Россия ва ¥индистон каби давлатлардан келган ёшларни учратиб, қалбим  ғурурга тўлган. Борлиғимни алланечук туйғулар эгаллаган. Корейс дугоналаримнинг палов пишириб, бизни меҳмонга чақиришганида, ўзларига Саида, Лола, Мадина, Дилдора, Азиза, Гули каби исмларни қўйиб олганларининг гувоҳи бўлганимда ўзбеклигимдан фахрланганман. Улар талаффуз қилишга қийналган синоним сўзларни ўзлаштиришларида кўмаклаша туриб, тилимизнинг нечоғли бой эканлигини дилдан ҳис қилганман. ¥ақиқатанда биргина юз ёки муҳаббат сўзларининг ўнлаб синонимлари бор. Афт, чеҳра, бет, башара, юз, ораз, қиёфа, сиймо ёки севги, ишқ, ошиқ бўлмоқ, мубтало ўлмоқ, боғланиб қолмоқ, кўнгил бермоқ, дил боғламоқ… Уларнинг бирини ўрнига бирини қўллаб бўлмайди.
Қадим замонда бир юртни ёв босибди. Хонадонларга ўт қўйиб, ҳудудни вайрон қилибди. Ўз маконининг ҳимояси учун сўнгги дамгача курашган бир гуруҳ ватанпарварлар тунда дарё қирғоғига келишибди. Ёғийга асир бўлмаслик учун дарёнинг нариги томонидаги ўлкага ўтиш керак. Ўғлонлардан бири қадрдон гўшасига қараб ўкинибди: «Биз ўзимиз билан оилаларимиздан бошқа ҳеч нарса олиб кетмаяпмиз, қайтанга жонимиздек азиз ва Ватанимизни қолдириб кетаяпмиз!»
«Юртдан айро яшасак, мол-мулкнинг нима кераги бор?» – дебди иккинчиси. — Ватан жудолиги олдида бойликнинг қиммати кўзга кўринадими?! Тўғри, биз ўзимиз истамаган ҳолда муқаддас диёримизни ташлаб, чиқиб кетаяпмиз, аммо барибир бир куни бу ерга қайтамиз. £адрдон масканимизни қолдирганимиз билан, дилимиз, тилимиз ва ўзлигимиз ўзимиз билан бирга. Улар зурриёдларимиз қонида оқиб, онгу шуурида асл ҳолича асралиб, кимлигини унутишга йўл қўймайди», — дебди ишонч билан...
Биз-чи ўз она тилимизни ҳурмат қилаяпмизми? Унга қай даражада содиқмиз? Афсуски, ижобий жавоб бера олмаймиз. Буни туманимиз марказидаги турли хизматларни реклама қилаётган шахобчаларнинг номланиши мисолида ҳам кўриш мумкин. «Пайнет», «Гушт», «Парфумерия», «Салон красоты» сарлавҳаси остидаги: «Макияж, причёска, стрижка, маникюр, педикюр, нарашивание, кулок тешамиз, укладка», «Замена масла», «Шурбо, шашлык, табака, чехамбели, арабиское ассорти, манты, лагман»га ўхшаш аралаш-қуралаш, чалакам-чатти сўзлар нафақат ғашингизни келтиради, балки табингизни тирриқ қилади. Ёшларни олий ўқув юртига тайёрлайдиган ёхуд касб-ҳунар ўргатадиган даргоҳлар, хусусий корхоналар ва тиббиёт марказларининг хорижий тилларда аталиши кишини ташвишга солади. Наҳотки, бу ёзувларга ушбу ишга масъул мутасадди идоралар ходимларининг кўзи тушмаган бўлса?! Ёки биз пашшадан фил ясаяпмизми?! 
Яқинда давлат тилимиз тўғрисидаги Қонун қабул қилинганига 31 йил тўлади. 
¤з она тилини билмаслик ғоят ачинарли ҳолдир. Айрим хонандаларнинг, ¤збекистон Республикасида хизмат кўрсатган, маданият ходимлари, ҳатто баъзи Халқ артистларининг телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар давомида олифталик билан русча, ўзбекча, тожикча, инглизча сўзларни аралаштириб гапиришни замонавийлик белгиси сифатида кўз-кўз қилиши энсани қотиради. Айниқса, бу манзара «ток-шоу»ларда кўпроқ кўзга ташланади. Мавзуга фикр билдирмоқчи бўлган турли соҳа вакиллари бемалол ўз шеваларида гапираверишади. Фикрларимизга шубҳа қилсангиз, телеканаллардаги кўрсатувларни кузатиб боринг. Ана шунда бундай ҳолатларга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. ¥атто олийгоҳни тугатган журналист ва бошловчиларнинг айримлари сўзларни истаган тилларида гапираверишади. Айниқса хусусий телеканалларда бу камчиликлар яққол кўзга ташланади.
Юқоридаги усулда суҳбатдоши эътиборини тортишга уриниш ёки ўзини кўп тилда сўзлаша оладигандек қилиб кўрсатиш замонавийлик эмас, аксинча, маданиятсизлик, савиясизлик, асосийси, ўз миллатига, тилига ҳурматсизлик белгиси эмасми?! Телевидение ва радио журналистлари эшиттириш ёки кўрсатув қатнашчиларидан адабий тил меъёрларига риоя этишларини қатъий талаб қилишса, ўзлари ҳам бу қоидаларга амал қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
    Истаймизми, йўқми, ёшлар омма диққат марказида турган инсонларнинг юриш-туриши, кийиниши, ҳатто гапиришигача тақлид қилишга уринади. Оқибати эса аён.
 Тенги-ю қиёси йўқ бойлигимиз, ўзлигимизни акс эттириб турадиган кўзгумизни асраб-авайлайлик! Унга доғ тушишига йўл қўймайлик, аксинча, уни чанг-тўзон ва ҳар қандай ёт унсурлардан ҳимоя қилайлик. Шундагина у шаффофлигини йўқотмай, ёруғ машъала бўлиб келажак авлодларимизнинг йўлларини ёритиб туради. 
Дилрабо КАМОЛОВА.

комментариев