» » Сенаторлар Тойлоққа ташриф буюрди

Сенаторлар Тойлоққа ташриф буюрди

  Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сенати аъзолари ҳудудларда бўлиб, истеъмол бозори, савдо ташкилотларидаги нарх-наво барқарорлиги, маҳсулотлар нархининг сунъий оширилишининг олдини олиш борасида маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати, гўшт, шакар, гуруч, ўсимлик ёғи ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари захираси мавжудлиги, аҳолини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш ҳолати кабиларни атрофлича ўрганмоқдалар.
   Хусусан, сенаторлар Бахтиёр Сайфуллаев ҳамда Фарҳод Боқиевлар бугун туманимизда бўлишди. Улар, даставвал, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти туман филиали фаолияти, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланиш ҳолати билан яқиндан танишди. Шунингдек, туман ҳокими Б. Бобоназаров ҳамда сектор раҳбарлари билан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, аҳоли ва хотин-қизлар бандлиги, меҳрибонлик уй тарбияланувчиларини иш ва уй-жой билан таъминлаш борасида суҳбатлашишди.
   Шундан сўнг, сенаторлар Б. Сайфуллаев ҳамда Ф. Боқиевлар туман раҳбари ҳамроҳлигида туман марказида “Даладан дастурхонга” тамойили асосида ташкил этилган арзонлаштирилган гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркасини кўздан кечиришди. Маҳсулотлар нарх-навоси, харидорларнинг фикри ва кайфияти билан қизиқди.
  Маълумот ўрнида, бу ерда Белоруссиядан келтирилган музлатилган мол гўшти 45 000 сўмдан, туманимиздаги “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалигида етиштирилаётган гўшт эса 55 000 минг сўмдан сотилмоқда.  


   “Акмал Тошпўлатович” кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлган меҳмонлар бу ерда амалга оширилган ишлардан мамнун эканлигини таъкидлашди. Мазкур фермер хўжаликда айни дамда сут ва гўшт йўналишида 300 га яқин Полша ва Украинадан келтирилган зотдор моллар боқилмоқда.  Улардан йилига 200 тоннадан ортиқ сут, 60-70 тонна гўшт маҳсулоти олиниб, аҳоли дастурхонига етказиб бериляпти Қолаверса, майдони 1 гектар бўлган ҳовузда  балиқ боқилиб, йилига 2-3 тонна балиқ етиштирмлаётгани ҳам қувонарли ҳол. Бундан ташқари мазкур фермер хўжаликда жорий йилда 1200 тонна мева-сабзавот ҳамда 153 тонна ғалла етиштирилди.


   “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги қошида ташкил этилган сиғими 1200 тонна бўлган омборда 700 тонна картошка, 300 тонна сабзи, 100 тонна пиёз ва 50 тонна гўшт маҳсулоти жамғарилган.


Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев