» » Янги йил арафасида янги бино фойдаланишга топширилди

Янги йил арафасида янги бино фойдаланишга топширилди


  16-давлат мактабгача таълим муассасасининг замонавий усулда бунёд этилган янги биноси янги йил арафасида фойдаланишга топширилгани Талли ота маҳалла аҳли ва болажонлари учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. 
 


   Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда иштирок этган туман ҳокими Б. Бобоназаров кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни ҳар тарафлама баркамол камолга етказиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидлади. 
   16-МТТ биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги ПҚ-4565 сонли “2020 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида реконструкция қилинган.


     Қурилиш ишларига 3 млрд. 943 миллион сўм маблағ сарфланган. “Нарзитош Маматов” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилган мазкур мактабгача таълим ташкилоти 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, замон талабларига мос тарзда безатилди ва болажонлар таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Кенг, шинам ётоқхона, ошхона, машғулотлар хоналари болаларбоп мебель жиҳозлари, ранг-баранг ўйинчоқлар ва кўргазмали қуроллар билан таъминланган. Ҳовлида болажонлар учун ёзги ўйин майдони барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланган.


   Бинонинг очилиш маросимида иштирок этган маҳалла фаоллари ва нуроний отахонлар қўлларини дуога очиб, янги йилимиз пойқадамли келишини, мана шу муассасада фарзандларимиз ўйнаб-кулиб, таълим-тарбия олишларини, улар келажакда юртига содиқ, чуқур билимли ёшлар бўлиб камол топишини ният қилишди. Маросим давомида болажонларга янги йил байрами совғаси улашилди. 
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

комментариев