» » Маҳаллада ҳашар

Маҳаллада ҳашар

Юртимизда халқимиз маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган.

Ҳар йили бўлгани каби бу йилги рамазон ҳайити арафасида ҳовли-жойларни, кўчаларни тозалаш, қабристонларни ободонлаштириш каби эзгу тадбирлар бутун туманимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди. Жумладан, Эскижума маҳалласида ҳам эрта тонгдан кишилар иш қуроллари билан ҳашарга отланишди. Дастлаб, сув йўллари қазилиб, дарахтлар оқланди, чиқиндилар олиб ташланди, 2 гектардан ортиқ маҳалла қабристони бегона ўтлардан, хас-хашаклардан тозаланди. Ярим километрлик қабристон йўлига тош тўкиб, текисланди. 

Ўша куни маҳаллада яна бир хайрли иш амлга оширилди. Яъни туман ҳокимлиги томонидан давлат дастури асосида 600 та хонадонга хизмат кўрсатаётган эски трансформатор, шунингдек, 30 та симёғочлар янгисига алмаштирилди. Бу ишларда ҳам албатта, ҳашарчиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Ёшу кекса бирдек жонбозлик кўрсатган тадбирда туман кенгаши депутати Солижон Ўсаров, шунингдек, Раҳмат Убайдов, Аҳмад Ражабов, Аҳрор Султонов, Орзу Шайқулов, Суннат Хушназаров сингари маҳалла фаоллари бош бўлишди.    

Улуғ айём олдидан кам таъминланган оилалар, ногиронлар, якка-ёлғизлар, меҳнат фахрийларини йўқлашни ҳам унутмадик. Саховатпеша кишилар ҳомийлигида ўзгалар кўмагига муҳтож 5 нафар инсонларнинг уйларига бориб, совғалар бердик.

Элимизга хос бўлган бу каби эзгу амаллар кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, ободлик, яратувчанлик муҳитини янада мустаҳкамлайди.  

Нурилло МЕЛИКОВ,

Эскижума МФЙ раиси.

комментариев