» » Виртуал олам хатарлари

Виртуал олам хатарлари


Кимда ахборотга эгалик қилиш калити бўлса, ўшанда атрофдагиларга ҳукмронлик ўтказиш ҳуқуқи бор.

Бундан бир неча аср муқаддам машҳур файласуфлардан бири томонидан айтилган мазкур ибора ҳозирги глобаллашув замонида ўз тасдиғини топмоқда. Ҳозирги кунда жаҳонда ядро қуроли ишлаб чиқаришга 20 дан ортиқ давлат ҳаракат қилаётган бўлса, 120 дан ортиқ давлат эса маънавий  хуружларга бой бўлган ахборотларни ишлаб чиқариш устида бош қотиришмоқда. Биз техника асрида яшаяпмиз, ҳаётимизни  техника, компьютер, интернетсиз тасаввур қилаолмаймиз. Шу боис ҳам бу каби глобал муаммо бутун жаҳон одамларини ўз қобиғига  ўраб олган, бундай муҳитдан бизнинг мамлакатимиз ёшлари ҳам мустасно эмас.

 Ҳар қандай кашфиётнинг салбий томони бўлганидек, интернетнинг ҳам ўзига хос миллий маънавиятимизга, қадриятларимизга, ижтимоий   ҳаётимизга  акс таъсир этадиган томонлари бисёр.  Афсуски, ёшларимиз орасида бундай ёт хуружларга қарши кураша оладиган мафкуравий иммунитетнинг етарли даражада эмаслиги  ачинарли ҳол.  Бугун ёш авлод зарур ахборот манбаи учун интернетга мурожаат қилмоқда. Оқибатда бу виртуал олам маълумотларидан нотўғри фойдаланиш натижасида ёшларимизнинг онги заҳарланаяпти. Бундай глобал муаммога реал кўз билан қарамасак, эртага соғлом маънавий авлодни тарбиялашдек буюк мақсадимизга тўғаноқ бўлиши табиий. 

Мамлакатимизда интернет ахборотларидан фойдаланувчилар сони кун сайин ортиб, салкам 10 миллиондан ошган. Интернет тармоғидаги «Google» компаниясининг таҳлилларига кўра, кунига 330000 минг нафар киши «odnoklassniki.ru», «facebook», «мой мир», «доира.уз», «всетут.уз», «мулоқот.уз»,   «олам.уз» каби сайтларга мурожаат қилганликлари аниқланган. Шундай экан, ижтимоий хавфи юқори бу муаммога қарши туришда нималарга эътибор қаратмоқ лозим? Юртимизда қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар асосида ёш авлодни миллий қадриятларимизга ёт ахборотлар хуружидан ҳимоялаш тартиблари белгилаб қўйилган. 

Жумладан, ёшлар орасида ахлоқсизлик, зўравонлик, шафқатсизлик ва ҳаёсизликни тарғиб қилишга йўналтирилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, вояга етмаганлар тарбиясига салбий таъсир етказувчи, ҳуқуқбузарликларга ундовчи қўлланмалар, фильм ва видеолавҳаларни тарқатиш, намойиш этиш тақиқланган. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ёш авлод онгини эгаллашга қаратилган хатти-ҳаракатлардан ҳимояланиш  учун мафкуравий ҳимоя қобиғи ҳамда «ўргимчак тўри»дан тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантиришимиз лозим.

Ғулом ЭРГАШЕВ,

 33-мактабнинг 

маънавий-маърифий ишлар бўйича

 директор ўринбосари.     

комментариев