Тойлоқ туманида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ғалла ўрими якунланганидан сўнг ерларни такрорий экинлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Шу мақсадда туманнинг Қўшчинор маҳалласида жойлашган “Мохитобон Нур файз” фермер хўжалиги ҳудудида амалий семинар ташкил этилди.Семинарда Тойлоқ тумани Фермерлар Кенгаши раиси Қулиев Ғайрат, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мутасаддилар, агрономлар ҳамда маҳаллий фермерлар иштирок этдилар.
Семинарда таъкидланганидек, жорий йилда туманда 3575 гектар ғалладан бўшаган ерларда 176 гектар майдонга сабзавот, 3200 гектарга картошка, 90 гектарга мош, 60 гектарга озуқа экинлари, бошқа турдаги маҳсулотлар экиш белгиланган.
Мутасаддилар томонидан семинар иштирокчиларига экин экишда агротехник қоидаларга қатъий риоя қилиш, экин навларини тўғри танлаш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот етиштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
— Такрорий экинлар экиш фақат ҳосил олиш эмас, балки халқимиз учун қўшимча иш ўрни, даромад манбаи демакдир, — деди Туман кенгаши раиси Қулиев Ғайрат. — Ҳар бир фермер ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиши зарур.
Қишлоқ хўжалигида юқори самарага эришишнинг асосий шартларидан бири сифатида соҳага замонавий ёндашувлар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.

комментариев