ҚАБР ВА ҚАДР


ёхуд қабристонлардаги кимўзарлик


Инсон ҳаёти абадий эмас, лекин хотира мангу. ўлганда шоҳ ҳам, гадо ҳам баравар дейдилар. Аммо...

Яқинда ижтимоий тармоқларда вилоятимиздаги қабристонларнинг бирида қабртошга тирик инсоннинг расми, туғилган йили ёзиб қўйилганлиги, бу ҳам етмагандай 3-4 баробар кўпроқ жой ажратилганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Афсуски, бу каби  ҳолатлар бугунги кунда энди содир бўлаётгани йўқ. Бундай дейишимга сабаб уйимиз қабристоннинг ёнгинасида. Юқоридаги ҳолатларни баъзан кўриб, баъзида эса эшитиб турамиз.

Қабристон оралаб юрар экансиз, бундан 20-30 йил ёки ундан олдин вафот этганларнинг қабрлари устида оддийгина хотира тоши, баъзиларида эса шу ҳам йўқлигига гувоҳ бўласиз. 5-10 йилдан буён тўлиб келаётган томонида эса тамоман бошқача манзара. Негаки, ким оддий киши-ю, ким амалдор ўтганини изоҳсиз, бемалол ажратиб оласиз. Бир-биридан салобатли қора, оқ мармар тошлардан ясалган ёдгорликлар... 

Таниқли амалдорнинг хотини вафот этди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан қабр устида «фалон доллар»га ясалган сағана ўрнатилди. Бу ҳам камлик қиладигандек, 2-3 қабр жойини оладиган кенгликдаги майдон алоҳида ажратиб қўйилди. Эшитишимизча, бу ўша амалдорнинг ўзи учун аталган жой экан. Етти мучаси соппа-соғ  бўла туриб, кўзи очиқлигида ўзига ҳашаматли ёдгорликлар қурдириш...Тавба! Жон омонатини қаерда, қандай шароитда топшириш номаълуму, қандай қилиб ўзига ҳозирданоқ қабристондан жой банд қилиб қўйиш мумкин.

Одатда зарарли урфлар тумовдек юқувчи бўлади деганларидек, қабристонларда «Кимнинг сағанаси ҳашаматлироқ?» қабилида кимўзарлик авжига чиқди.

 Ёши элликлардан ошган аёл йўловчи машина тўхтатиб, «Ука, шаҳарга олиб бориб келмайсизми? Ярим соатлик иш бор, борамиз-у қайтамиз», — деди. Ҳайдовчи: «Холажон, шошиб турибман, шаҳаргача ташлаб қўяман, аммо сизни кутиб туролмайман», — деди.  Аёл: «Болам, савоб бўлади қабртош олиб келамиз. Тайёрлаб қўйишган, ортамиз-у, қайтамиз, пулингизни бераман» — деди ялинганнамо. Кета-кетгунча онаси бундан 15 йил илгари вафот этганлигини, илгари қабртош ясатиш бунчалик «мода» бўлмаганлигини, энди одамлар қабр устида кичкинагина белги қилиб қўйилган тошни кўришса, «уят» бўлишини, шу сабабли шаҳарда бошқатдан «чиройли» қабртош ясатаётганлигини айтди.

Яна бир  машҳур киши бандаликни бажо келтирди. Фалон минг долларлик улкан тош мозорга ўрнатилди. Аммо 2 кун ўтмай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган  ҳодиса юз берди. Хотира тоши йўқолиб қолди. Кейинчалик маълум бўлишича, қабртошнинг ярим пули берилмаган экан, ўрнатувчилар қабр тошни суғуриб олиб кетишибди. Афсуски, бу каби ҳолатлар фақатгина шунчаки «миш-миш» эмас, балки сиз-у биз яшаб турган ҳаётда юз бераётган аччиқ ҳақиқатдир.

Муқаддас ҳадисларда қабр йўқолмаслиги учун бирор белги сифатида унинг устига тош ёки тахта қўйиш, уларга номларини ёзиб қўйиш кифоялиги келтирилган.

Аммо айрим қабристонлардаги аҳволни кўриб, ёқа ушлайсиз. Қабристон манманлик, кимўзарлик майдонига айланган. Марҳумларга шоҳона эҳромлар, зебу зар, безаклар керак эмас. Улар учун бир сиқим дуо кифоя.

Г. МУЗАФФАРОВА.

комментариев