Болалигимда уйимизга мўлтони (тиланчи)лар кўп келарди. Ҳар гал садақа сўраб чўзган қўлига бир бурда нон тутқазардик. Улар эса узундан узун дуо ўқиб, гўё топган ризқини ҳалоллаб оларди.
Уйдан нон узилиб қолган пайтларда эса бошқа бирор егулик ёки эски кийим-кечак берардик. Ҳозирги замонавий тиланчилар эса бурда нонга кўнишмайди, очиқчасига пул сўрашади. Айниқса, уларнинг дастидан кўча-куйда, бозорда, хиёбонларда бемалол юра олмайсиз. Бирор нима ундирмагунча уст-бошингизни силаб-сийпалаб, ортингиздан эргашиб юраверади. Мабодо ёнингизда шеригингиз бўлса, унинг ёнида сизни ноқулай аҳволга солишдан ҳам таб тортмайди. Ҳаттоки, корхона, ташкилот, муассасаларга ҳам исириқ тутатиб, бемалол кириб бораверишади. Ўша ташкилот раҳбару ходимлари ҳам уларни анча «эркалатиб» юборишган; ҳеч қачон қуруқ қўл билан қайтаришмайди. «Жамоат жойларида тиланчилик қилиш мумкин эмас», деб ҳеч ким ҳайдаб солмайди. Илгари тиланчи, сўзини тўрт мучаси соғ, эс-ҳушли, фахм-фаросатли, меҳнатга лаёқатли кишига нисбатан ишлатиш ҳақорат қилиш билан баробар саналар, бу сўздан кўпчилик орланар эди. Бугунги аҳвол эса ҳаммага маълум. Энг ачинарлиси, тоғни урса талқон қилишга қодир эр-йигитлар тиланчиликни касб қилиб олишган. Баъзилари эса ўзини носоғлом кўрсатиб, «томоша» кўрсатади ёки боласини ногиронлик аравачасига ўтқизиб, садақа сўрайди. Тўғрида, жонини қийнамай, боз устига бож тўламай осон пул топиш кимга ёқмайди дейсиз? Агар кўп йиллик «иш стажига» эга бўлган, профессионал тиланчиларнинг оилавий шароитини ўргансак, уларнинг ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини кўришимиз мумкин. Улар тиланчиликни даромад манбаига айлантириб олган бўлиб, бир кунда топаётган пуллари бизнинг даромадимиздан кўпроқ.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 январь куни тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолагани айни муддао бўлди. Мазкур қонун тиланчиларни жазолашни эмас, тиланчиликни касб қилиб олганларни тартибга чақириш, юртимизда туризм сифатини яхшилаш каби кўплаб мақсадларни кўзлайди.
Қонунга кўра аэрапортларда, вокзалларда, хиёбон, истироҳат боғларида, бозорларда, савдо мажмуаларида, кўчаларда, моддий ва маданий меърос объектлари жойлашган ҳудудларда, йўлларнинг қатнов қисмида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш таъқиқланади. Қонунни бузган тиланчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 188-3-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача жарима солиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазолари қўлланилади.
Жиноят кодексига киритилган янги 127-1-модда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишни кўзда тутади.
Вояга етмаган, кекса ёшдаги кишиларни, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган ва бошқа шу каби шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин инсоннинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Юқорида санаб ўтилган шахсларни жалб этган ҳолда тиланчилик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тиланчиликка жалб этиш такроран ёки хавфли рецидивист, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур қонун доирасида жойларда тиланчиларни рўйхатга олиш, уларнинг ижтимоий аҳволини, оилавий шароитини ўрганиш, уларга қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш каби ишлар амалга оширилмоқда. Шу сабабдан биз ҳам туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан қилинган амалий ишлар ҳисобини сўраб мурожаат этдик. Афсуски, улардан керакли маълумотни ололмадик. Демак, бу борада ҳеч қандай ҳатти-ҳаракатлар олиб борилмаяпти. Буни кўча-куйларда, жамоат жойларида тиланчилар ҳали-ҳануз фаолиятларини давом эттираётганларидан ҳам билиш қийин эмас.
Шу ўринда, «Энди тиланчиларнинг аҳволи нима бўлади?», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам ҳамиша давлат эътиборида эканлигини барчамиз яхши биламиз. Кам таъминланган оилалар фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида тўловдан озод этилади, маҳалла томонидан нафақа тўланади. Улар учун иш ўринлари яратилади. Қолаверса, «Меҳнат қилиб, пул топаман, фарзандларимга ҳалол ризқ едираман», деган кишига юртимизда барча имкониятлар эшиги очиқ. Дипломи, касб-ҳунари йўқ кишиларга ҳам тадбиркорликнинг исталган тури: оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик, паррандачилик, ҳатто, томорқачилик учун ҳам моддий ва маънавий далда берилаяпти. Бунинг учун кишида хоҳиш ва интилиш бўлса кифоя.
комментариев