» » Алданиб қолган ёмон...

Алданиб қолган ёмон...


Интернетни дунёга қиёслаш мумкин. Ундан нимани қидирсангиз, топасиз. Фақат топилган ахборот тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканлигини билиш учун биздан кучли тафаккур ва онг талаб этилади. 

Ижтимоий тармоқлар, чат-мессенжерлар ва “SMS” орқали турли спам-хабарлар, сохта баёнотлар ва тўқима эълонлар тарқатилишига ўрганиб қолганмиз. Қўрқинчли воқеа ва ҳодисалар, касалликлар ҳақидаги хабарлар, айниқса, яшин тезлигида ёйилади. Бугун исталган одам ўзи тарқатишни истаган ёлғон маълумотни катта тезликда одамларга етказиб қўя олади. Глобаллашувнинг энг салбий жиҳатларидан бири ҳам шу аслида.

Ахборот асрида маълумот жуда кўп. Бугун исталган ахборотни арзимаган бир неча сония ичида интернет тармоғидан билиб олиш мумкин. Аммо ҳақиқат билан ёлғоннинг фарқини аниқлаш ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгандан сўнг янада мушкуллашди. Агар киши жуда ишонувчан ва унда фейк хабарларга қарши иммунитет шаклланмаган бўлса, ёлғон хабарларни ўзи билмаган ҳолда тарқатишга ҳисса қўшаверади.

«Имо» тармоғи орқали бир дўстимдан келган хабар мени таажжубга солди. Эмишки, бир қиз жуда оғир касал бўлиб, зиёратга борибди. У ерда ухлаб қолиб туш кўрибди. Тушида пайғамбаримиз қизнинг оғзига сув томизиб,  «Аллоҳнинг раҳмати билан тузаласан, буни халққа етказ» дебди. Қиз хатида бир неча ҳафтада саломатлиги яхшиланганлиги, ушбу хабарни 13 кишига жўнатиш кераклиги, бу ёзувни ўқиган инсоннинг 13 кунда истаги амалга ошиши, бефарқ қараса, фалокатга йўлиқиши мумкинлиги «огоҳлантирганди».  

Ушбу хабарни ўша дўстимга қайсидир таниши юборган, унга эса яна бошқа кимдир... Хуллас, буёғи занжир каби бир-бирига уланиб кетган.  

Ҳаётимизда бундай мисоллар қалашиб ётибди. Кунда ёки кунора спам-хабарлар телефонимизни безовта қилади. Уларда гоҳ қандайдир маърузани тарқатишга катта савоб ва ишингиз юришиб кетиши ваъда қилинган бўлса, гоҳ ҳайит кунини биринчи айтган одамга жаннат хабари берилади. Кўпинча уни тарқатмаган одамлар турли хил балога йўлиққани тўғрисидаги қўрқинчли хотималардан огоҳлантиришлар ҳам қўшиб қўйилади.

Ижтимоий тармоқларда бундай фейкларни тарқатувчилар кўплаб учрайди. Улар одамлар ўртасида шов-шув кўтариб, бундай хабарларни биринчи бўлиб улашишга ишқибоз.

Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар эса «SMS»ни тарқатиш ҳаракатига тушиб қолишади.

Ҳозирда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Улар тарғиботнинг илғор кўринишларига эътибор қаратмоқда. “SMS” ишончли чиқиши учун Қуръон оятларидан, таниқли бўлган олимларнинг сўзларидан қўшиб, энг охирига: «Бу хабарни 10 кишига ёки ундан кўп кишига юборинг...Агар 10 кишига юборсангиз, 15 дақиқадан кейин, ўша куни, бугун, ёки бир ҳафтадан кейин бир каромат кўрасиз, бу тажрибада қўлланилган...» деган жумлалар келтирилади.

Бундай мисоллар жамият барқарорлигини таъминлаш, ёшларнинг онги ва тафаккурини ёт таъсирлардан ҳимоялаш зарурати ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Шубҳасиз, биз интернетни бугунги ахборот асрининг энг муҳим тамойили, таъминловчи замонавий восита эканини эътироф этамиз.

Аммо, айни пайтда янада хушёр бўлишимиз керакки, турли баландпарвоз чақириқ ва шиорлар, ўзини яқин ва холис деб кўрсатувчи яширин «дўст»лар ортида пухта ўйланган жирканч манфаатлар ётгани, бундай чорловларга эргашиш оқибатида ўзимизни, оиламизни жиддий хатарга солиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. 


   Гўзал МУЗАФФАРОВА.

комментариев