» » Иш билганга минг танга...

Иш билганга минг танга...




Орамизда касби ортидан нафақат оиласига, балки бошқаларга ҳам наф келтираётган, уларнинг кўнглини топиб, мушкулини осон қилаётган кишилар кўп. Ўртақишлоқлик Марҳабо Хўжақулова ана шундай касб эгаси. У қўли гул чевар. Қаҳрамонимизнинг тиккан бежирим либослари харидоргир. Шунданми унинг ишхонасидан мижозларнинг кети узилмайди. Марҳабонинг довруғи нафақат туманимизга, балки пойтахтга ҳам ёйилган чоғи, ўзининг айтишича, Тошкенти азимдан ҳам буюртмалар келиб турар экан. 
— Илгари фарзандларим ёш бўлганлиги сабабли уйда тикиш-бичиш қилар эдим. Уларни оёққа қўйгач, маҳаллада тикувчилик уйини очиш ҳақида ўйлай бошладим. Бироқ, бунинг учун бино ҳам, қўлимда ортиқча маблағим ҳам йўқ эди. Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, банкдан кредит олишга қарор қилдик. Туман хотин-қизлар қўмитасининг тавсияси билан кам фоизли банк кредити асосида 17 миллион сўмга 3 та замонавий тикув машинасини харид қилдим ва маҳалламиздаги бўш турган почта биносини ижарага олиб, иш бошладим. Лекин кўриб турганингиздек, ишхонамиз ҳавас қиларли даражада эмас. Бино анча эски. Қолган иккита хонани ҳам таъмирлатиб олсам, фаолиятимни янада кенгайтириб, янги иш ўринлари яратишни режалаштиряпман, — дейди М. Хўжақулова. — Илгари ички ишлар тизимида ишлайдиган маҳалламиз йигитларига махсус иш кийими тикиб берган эдим. Кечагина ИИБ ходимларидан яна 10 та буюртма келди. Ҳозир шу кийимларни тикяпмиз.
   Хотин-қизларга яратилаётган ислоҳотлар ишбилармон аёлларга катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Бундан унумли фойдаланаётганлар ҳам ўзи, ҳам халқ манфаати учун хизмат қилмоқда.   


Нигина РАҲМАТОВА.

комментариев