» » «Мендан кетгунча, эгасига етгунча»ми?

«Мендан кетгунча, эгасига етгунча»ми?


 Кейинги пайтларда республикамизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш   бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори асосида туманимизда 2018 йилда 104 та 2 сотих ер майдонига эга бўлган 3 хонали уйлар ҳамда 3 та 2 қаватли 2-3 хонали квартиралар ва 1 та 2 қаватли 16 та хонадондан иборат ёшлар уйи қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур уйларда яшаётганларнинг аксарияти ёш оилалар ҳисобланади. Биз янги уй соҳибларининг кайфияти қандайлигини билиш ва улар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида Шопўлот томон йўл олдик. Обод қишлоқ дастури асосида янги қиёфа касб этган мазкур маҳалла чиндан ҳам файзли. Кишиларнинг кайфияти эса ўзгача. Эртанги кунга бўлган ишончи янада ортганлиги уларнинг юз-кўзидан маълум.

Уй соҳиблари нимадан норози?

   Маҳалланинг кўркига-кўрк қўшиб турган намунавий лойиҳа асосида қурилган 11 та янги турар жойлар ташқи кўринишидан кишини ҳавасини келтиради. Бироқ, ичкарида эса талайгина муаммолар борлиги дилимизни бироз хира қилди. 

 — Оиламизда 7 нафар жон бор, -дейди уй соҳиби Дилшод Сафаров. — Опам билан укам туғма ногирон. Отам ҳам қариб қолганлар. Уларнинг қулай шароитларга эга бўлган хонадонда яшашларини таъминлаш мақсадида мана шу уйни олган эдик. Уй учун белгиланган дастлабки бадал пулини давлатимиз тўлаб берди. Бунинг учун аввало, Президентимизга, қолаверса, шу уйнинг қурилишида меҳнати сингган барча масъулларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уй калитларини топширишганида жуда қувонгандик. Айниқса, фарзандларим ва турмуш ўртоғимнинг боши кўкка етган эди. Лекин кўчиб кирганимиздан кийин бирин-кетин муаммолар пайдо бўла бошлади. Уй деворлари намиқиб, моғорлаяпти, эшиклар яхши ёпилмайди. Ҳали икки ой тўлмасидан ванналарнинг сири кўчиб кетди. Булар ҳам майли, уй нархининг ошгани бизни анча ташвишлантираяпти. Турмуш ўртоғим уй-рўзғор юмушлари, фарзандлар тарбияси, қолаверса, 3 нафар ногиронга қарашдан ортмайди. Мен ҳам айни дамда ишсизман. Бир-иккита ташкилотларга ариза берган эдим. Ҳали жавобини айтишмади. Қанча маош олишим ҳам номаълум. 

Бошқа хонадонларда ҳам юқоридаги каби камчиликлар борлигига гувоҳ бўлдик. 

—Уйда намгарчилик кучли. Деворлар ёрилиб, моғор босаяпти. Пол ва эшиклар шишган. Иситиш тизими газ ва ўтинга мослаштирилган. Қишлоғимизда газ йўқлиги сабабли, ўтин ёқишга мажбурмиз. Ҳамма хоналарни иситиш учун жуда кўп ўтин ва кўмир керак бўлаяпти, -дейди тушкун кайфиятда Нигора Суярова. 

Яна икки нафар фуқаро ҳам шу каби шикоятларини айтишди. Қолганлар билан ҳам суҳбатлашмоқчи эдик. Бироқ, кўпчилик ҳали кўчиб келмаганлиги сабабли бунинг иложини қила олмадик. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Яна 7 та уй эгалари қаерда? Уларнинг чиндан ҳам турар-жойга эҳтиёжлари борми? Бор бўлса, нега ҳалигача уйлар бўш?

Муаммолар тез орада ҳал этилади

Мазкур уйларнинг бунёдкори «Нарзитош Маматов» қурилиш корхонасининг раҳбари Мустафо Қурбоновдан юқоридаги муаммоларнинг сабабини сўрадик.

  • Уйдаги намгарчиликнинг асосий сабаби ҳали деворлар яхши қуримаган ва бунинг устига уй соҳиблари хоналарда ўрнатилган иситиш тизими яъни қозонхонадан фойдаланмай, электр иситгич ёки қўлбола печкалар ўрнатиб олишган. Бу эса барча хоналарни бирдек иситиб бера олмайди. Натижада деворлар моғорлайди. Эшикларнинг яхши ёпилмаслиги ва полларнинг шишиб қолиши ҳам шундан келиб чиқади. 

Шунингдек М. Қурбонов тез орада намгарчиликдан зиён кўрган хонадонларнинг деворларини қайта таъмирлаб беришини ваъда қилди. Дилшод Сафаровнинг уйидаги сифатсиз ванна шу заҳотиёқ янгисига алмаштирилди.

Демак, биз ҳам тез орада мавзуга яна қайтамиз.


комментариев