» » "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурига бағишланди

"Ҳар бир оила тадбиркор" дастурига бағишланди

Аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначиликни ташкил этиш орқали қўшимча даромад ишлаб топиш имконини яратиш, тадбиркор оилалар ишлаб чиқарган маҳсулотлар савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси ва сервис шаҳобчаларини барпо этиш кабилар Президентимизнинг «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги Қарорининг бош мақсадидир.
Бу ҳақда туман хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам таъкидланди. «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурини амалга ошириш, унда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасининг раиси М. Қувватова, маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари З. Авазов, туман адлия бўлими раҳбари А. Ғафоров,  ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси М. Ашуров, вилоят Марказий банк бош бошқармаси ходими Н. Маҳмудова, банкларнинг туман филиаллари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари, ишсиз ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизлар иштирок этишди. 
Мулоқот чоғида сўзга чиқувчилар «Ҳар бир оила тадбиркор» дастурининг асосий мақсади, тадбиркорлар учун бериладиган кам фоизли банк кредитларининг афзаллиги, йиллик фоизи, ундан фойдаланиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини нимадан бошлаш кераклиги, бизнес режа нима эканлиги ҳақида батафсил тушунчалар беришди. Тадбир қатнашчиларининг саволларига Марказий банкнинг вилоят филиали мутахассиси Н. Маҳмудова батафсил жавоб берди. 
Жумладан,  Гулобод маҳалласида яшовчи Феруза Субхонова бундан 2 ой аввал «Akfa» эшик-ромларини ишлаб чиқарувчи корхона очиш мақсадида банк кредитини олиш учун ҳужжат топширганлиги, лекин шу пайтгача пул ололмаганлигини маълум қилди.  Мадина Хуррамова (Қўрғонча МФЙ), Фотима Умарова (Жумабозор МФЙ)ларда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган.  Мазкур масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, биринчи бор кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларга яқиндан ёрдам бериш мақсадида масъул шахслар бириктирилди.
—  Бу тадбир мен каби оила бюджетига қўшимча даромад киритиш ниятида юрган, лекин ишни нимадан бошлашни билмаётган бўлажак тадбиркорлар учун фойдали бўлди, — дейди Бирлик маҳалласида яшовчи Р. Муродова. — Анчадан буён томорқамда иссиқхона қурмоқчи бўлиб юргандим. Бироқ, маблағим йўқлиги сабабли ниятимга етолмаётгандим. Туман ҳокимлигининг тавсияси билан менга 3 йил муддатга 8 фоизлик банк кредити ажратадиган бўлишди. Керакли ҳужжатлар расмийлаштрилгач, енг шимариб ишга киришаман.  
  
Тадбир сўнггида бир гуруҳ тадбиркор хотин-қизларга вилоят Марказий банк бош бошқармаси томонидан бадиий китоблар совға қилинди. 
Нигина РАҲМАТОВА.

комментариев