» » Ишлайдиган она айбдорми?

Ишлайдиган она айбдорми?

Дамас салонидаги аёллардан бири ҳамроҳига нолий бошлади: 

— Келиним «ишга кираман», деб жонимга тегиб кетди, ундан кўра эрининг топганига қаноат қилиб, уйда ўтирсин, вақтида ош-нонини пиширсин! 

— Майли-да, овсин, бояқиш умид билан тўрт йил институтда ўқиди, болалари катта бўлди, ишлайверсин-да! — деди иккинчи аёл.

— Э, энди пенсионер дугоналарим билан «гап»ма«гап» юраман деган чоғимда, уйда ўтириб невара боқайми?  

— Вой нега, ундай дейсиз, «Ўригидан данаги ширин» дейишади, неварага зорлар қанча? Бунинг устига болалар мактабга чиқишди, бунча зиқна бўлманг, айланай! Ишлайдиган келинлар ҳам иш, ҳам рўзғор, ҳам боласини эплайди...

Ўзим истамаган ҳолда нотаниш йўловчиларнинг суҳбатини эшитиб, ўйланиб қолдим. Не-не орзулар билан олийгоҳдаги таҳсилни тугатиб, бирор жойда ишлашга ҳам улгурмай, турмушга чиққан, уйда фарзандларининг тарбияси билан шуғулланган, улар ўзларини тутиб олиб, мактабга боргач, жуфтининг топганига кўз тикиб ўтиришни эп кўрмай, ўз соҳаси бўйича ишлаб, оила бюджетига кўмаклашишни бурчи деб билган аёлни айбдорлар қаторида санаш, унга маломат тошларини отиш тўғримикин? Кўпчилик кишилар аёлларнинг ишлашини маъқуллашмайди. «Аёлнинг вазифаси уйда ўтириш, болага қараш, пишир-куйдир қилишдан иборат», дейишади ва бояги онахон сингари ишлашни хоҳлаган аёлларни айблашади. Менимча, ишлайдиган оналарни тушуниш, уларга кўмаклашиш лозим. 

Бугун замонавий аёлларимиз уй-рўзғор, ўғил-қизлари тарбиясидан ортиб, турли соҳаларда ишлаб, обрў-эътибор топмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ишлайдиган она-бола учун яхши намуна, унинг фарзандлари ўз фикрлари ва мақсадларини аниқ қилиб ифодалай олади. Кичкинтой кўрадики, муваффақиятга эришиш учун кўп меҳнат қилиш қулай ҳаёт кечириш имконини беради. Бу болада шахсиятни шакллантириш ва уни тарбиялашнинг жуда муҳим бўлагидир. Бунинг устига фарзандингиз сизга фахрланиб қараётгани ва сизга ўхшашни истаётганини ҳис қилиш ҳамиша ёқимли, шундай эмасми?!

Баъзан киши муайян ёндашувлар ва одатларни нафақат ишда, балки фарзандлар билан мулоқотда ҳам қўллай бошлайди. Масалан, ҳузурингизга нимани исташини ва қандай мақсадда келганини билмайдиган одамга дастлаб нима демоқчилигини аниқ ифодалашини сўрайсиз. Бундай амалиёт болаларда ҳам қўл келади. Муаммони ифодалагандан кейин, унинг ечимини топиш ҳам осонлашади.

Ишлайдиган онанинг болалари мус-тақил бўлиб ўсади. Қийин лаҳзаларда онаси доим ҳам ёнида бўлмаган бола мустақил равишда ўйлашни ва қарорлар қабул қилишни, ўз хатоларида бошқаларни айблаб бўлмасликни ўрганади. Онасидек, чаққонлик билан ҳамма ишга улгуришга ҳаракат қилади. Қарабсизки, ўз-ўзидан масъулиятли, ҳушёр ва меҳнатсевар авлод вояга етади. Хўш, мулоҳаза қилиб кўрайликчи, ишлайдиган оналар айбдор эканми?

              Дилрабо КАМОЛОВА.

комментариев