» » Нима дейсиз, беклар?!

Нима дейсиз, беклар?!

Қўшнимиз кичикроқ бир тадбирини ресторанда ўтказадиган бўлди. «Истиқлол»да саккиз кишига мўлжалланган дастурхон атрофида жам бўлдик. Бизга яқин столда ўтирган жуфтликлар истамасам-да нигоҳимни ўзига тортди. Эр-хотин бир-бирига суйкалар, ароқ тўла қадаҳларни чўқиштирар, сархушликдан кўзлари сузиларди. Аёл рақсга тушмоқчи бўлди, бироқ оёқлари гандираклаб кетди. Энг ачинарлиси, бу ҳолат уларнинг вояга етмаган 3 нафар фарзандлари: 2 қиз, 1 ўғлининг кўз ўнгида содир бўлаётган эди. Аёл яна рақсга тушмоқчи бўлди ва эрини ҳам қистади. Эркак истар-истамас туриб озроқ ўйнагандек бўлди-ю, секин ташқарига чиқиб кетди. Пайтдан фойдаланиб, аёлнинг ёнига йўл олдим. Бироз рақсга тушиб, уни гапга тутдим.

— Оилавий чиққан экансизлар-да, болалар билан?

— Э, нимасини сўрайсиз, опажон. Исроилдан келганимга  бир ой бўлди. Бугун оқшом учиб кетаман, болаларимнинг меҳрига тўймадим. Узоқ вақтдан бери уларни кўрганим йўқ эди. Бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди.

— Қизиққаним учун узр, у ерда нима иш қилар эдингиз, кетмасангиз бўлмайдими? — дедим.

— Оҳ, опажон! Четнинг иши қурсин, бор-йўғи хизматкорман. Аммо пули яхши, шундан қололмайман, — деди-да яна қийқириб ҳаракатларини давом эттирди...

Жойимга ўтирарканман, ўйга толаман. Бугун бундай манзарага ҳар қадамда гувоҳ бўламиз. Кўплаб давраларда муҳокама қиламиз. Кўзимиз ўрганиб, қулоғимиз қотиб ҳам боряпти. Ўз аёлини, таъбир жоиз бўлса, ўзининг ярмини чет элларда сарсон қилиб, улар юборган пулининг мазасини тотаётганлар, жигарпораларининг тарбиясини хаёлига ҳам келтирмай, ота-она бурчини қорнини тўқ, устини бут қилишда, деб билганлар, ҳою-ҳавас кўчасида кўрпасига қараб оёқ узатмаганлар яна қанча?! У аёлга тош отишдан йироқман, юрагида нималар борлиги  менга қоронғу. Аммо билганим: у ҳам аёл! Жамиятдаги асосий вазифаси эса рўзғорини саришта тутиб, фарзандларини чиройли тарбиялаш, хорижда ишлаб пул топиш эмас! Бурчини бенуқсон адо этишида эри унга суянч тоғи бўлиши керак.

Жамиятда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш — унинг елкасига рўзғорнинг оғир тўрвасини осиб қўйиш дегани эмас. «Эрни бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам хотин», дегани   айримлар ўйлаётгандек аёлнинг топиб келаётган пулида эмас, балки рўзғорининг саранжом-саришталигида, тежамкору оқилалигидадир. Энди айтингчи, юқорида айтилган тоифадаги эркаклар бугун хотинлари юборган пулдан иморат қурар, кайфу сафо қилар, аммо  тарбияга, она меҳрига зор фарзандларнинг келажаги қандай бўлади? Бу ўсмирлар эртага ҳаёт йўлларини қандай бошлайдилар, кимдан ибрат оладилар?! Ҳамма вақт ҳам моддийлик муаммоларимизнинг ечими бўлавермайди-ку! Сочак маҳалла фуқаролар йиғини раиси Воҳид ака Шароповнинг  айтишича, ана шундай оилаларда вояга етаётганларнинг аксариятининг тарбиясида қўрслик, пулга ишқибозлик, интернетга муккасидан кетиш, бир сўз билан айтганда, одоб доирасидан узоқлашиш ҳолатлари кўп аниқланган.    Узоққа бормайлик, туманимизда ҳам аёли четда юриб, ўз пуштикамаридан бўлган зурриёдига ола қараган нокаслар (Аллоҳнинг жазоси уларга муқаррар), назоратсизликдан кўр-кўрона ёмон йўлга кириб қолаётган ёшлар, озгина  қийинчилик олдида довдираб, ўз жонига ёхуд ўзганинг жонига қасд қилаётганлар учраб турганлиги этимизни увиштиради.  Энди тарозининг бир палласига четда ишлаб топилган пулларни-ю, иккинчи палласига жисми бенуқсон-у, тарбияси ноқис, қалби аламзада болаларни қўйсак қай бири тош босади?!

Туман ҳокими Б. Бобоназаров газетамизнинг ўтган йилги 38-сонида тумандошларимизга қарата қилган мурожаатномасида айнан шу масалаларга урғу бериб, эркакларнинг оила олдидаги масъулиятини оширишга, аёлларимизни чет давлатлардан қайтаришга даъват қилганди. Х´ш, бугунги кунда ³анча хотин-қизларимиз ортига ³айтишди? 

Шу ўринда 2019 йилда яратилаётган иш ўринлари билан қизиқдим.  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлими раҳбари М.Ашуровнинг билдиришича, «Ёшлар келажагимиз» жамғармасидан ишлаб чиқариш ва хизмат соҳасини ривожлантириш учун 13 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳар бир лойиҳа 10 миллион атрофида бўлганда ҳам 1300 та иш ўрни дегани. Бандликка кўмаклашиш туман маркази раҳбари М. Гадоевнинг айтишича 5000 га яқин иш ўринлари прогноз қилинмоқда. Бундан ташқари, ўз хонадонларида тадбиркорликнинг турли йўналишда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ҳам анча. Шундай экан, уйга қайтишнинг вақти бўлмадимикан?! Сиз нима дейсиз, беклар? 



комментариев