» » ОФТОБГА ТАЛПИНАР КЎНГИЛЛАР

ОФТОБГА ТАЛПИНАР КЎНГИЛЛАР

Шоирнинг янги китоби  
Замонавий аруз шеъриятининг истеъдодли  вакили, таҳририятимиз аъзоси Абдулла Нисорийнинг « Ўзбегим бошида қалпоқ» китоби нашрдан чиқди. Бу мажмуа миллий адабиётимизда  буюк Навоий ғазаллари асосида яратилган  илк мухаммаслар тўпламидир.
     Газетамизнинг жорий илк  сонида,  жамоадошимиз, арузнавис шоир А. Нисорийнинг буюк Навоий ғазаллари асосида мухаммаслар тўпламини яратишдек, эзгу ишга қўл урганлиги ҳақида маълумот берилган  эди. Орадан тўрт ой ўтиб, машаққатли ижодий меҳнат ва изланишлар самараси  сифатида, шоир Самарқанддаги «Фан булоғи» нашриёти томонидан чоп этилган ва юздан ортиқ мухаммас ҳамда янги ғазалларни ўз ичига олган  «Ўзбегим бошида қалпоқ»  китобини мухлисларга тортиқ этди. Мажмуанинг яратилиш жараёни ҳақида муаллиф шундай ёзади:    
   « ... Офтоб ердан олислагани сайин мўлроқ шуур сочганидек, тарих бизни Шеърият офтоби яшаган даврдан  шитоб билан узоқлаштираётган эса-да, ул назм қуёши тафтини янада кўпроқ ҳис қиляпмиз. Зеро, Ўзбек  деган халқнинг, миллатнинг шаънини осмон қадар кўтарган буюк Навоийнинг  ғазалини ўқимоқ, мутолаа қилмоқ ҳам  мунаввар офтобнинг ҳаётбахш нурини симирмоқ билан баробардир...                                           Дастлаб, етук адиблар ҳамда нозиктаъб адабиётшунослар В.Абдулло, Б.Валихўжаев,Н. Комилов, Э. Воҳидов, Ж. Камол, М.Абдулҳаким, И.Ҳаққул, Н.Жумаев, А. Абдуғафуровларнинг Ҳазрат Навоий ғазалларига ўнлаб шарҳлари билан танишиб, улуғ шоир байтларининг ботиний маъноларига ҳам эътибор қаратиш лозимлигини тушуниб етгач, ниятимни рўёбга чиқаришга жазм этдим».                                   Нисорийнинг нияти эса Навоийдек миллат фахри бўлмиш даҳо шоирни ўқимаслик оқибатида тафаккури хира тортган, уни тушунмаслик даражасига келиб қолган, «Ўзбеким бошида қалпоқ...» деб мағрур ҳайқирган миллатдошимиз асарларининг «таржима»сини даъво қилаётган  ғофилларни уйғотиш,  уларни  Назм офтобига яқинлаштириш эканлигига шубҳа йўқ.                                      Аслида ҳам инсон қалбида нурга ташналик бор. Шунинг учун кўнгиллар фақат ёғду оламига – Офтобга толпинади. Адабиётимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз  осмонидаги бетимсол Офтоб – Ҳазрат Навоийдир. Унинг шеъру шууридан  бебаҳра қолмоқ ­зулмат қаърига ғарқ бўлмоқ демакдир.                             «Ўзбегим бошида қалпоқ» китобидан ўрин олган мухаммасларни  ўқиган шеърхон  алалоқибат шундай хулосага келади:                      «Навоийни ўқимайдиган, билмайдиган  ўзбек ¬ бизнинг миллатдан эмас... »                                Мажмуага шоир томонидан  арузнинг  енгил ­ рамали мусаддаси маҳзуф баҳрида  ёзилган  50та  янги ғазал ҳам киритилган   Улар янги оҳанглар ва ташбеҳларга бой , айниқса,  равон  ва ўйноқи  бўлиб, ёд олиш учун қулайлиги билан  барча ёшдаги китобхонларга, алхусус, мактаб ўқувчиларига  манзур бўлади,   деган умиддамиз.                                               Шу билан бирга Нисорийнинг янги китоби арузда ижод қилишга, унинг сир-асрорларини ўрганишга, чоғланган ёш қаламкашлар учун  амалий қўлланма бўлиб хизмат қилиши билан ҳам эътиборга молик , деб ўйлаймиз.
                                 М. ЙЎЛДОШЕВА.                            «Қўшчинор» газетаси  муҳаррири.

комментариев