» » Миллий ўзлигимиз тимсолига айланган қадрият

Миллий ўзлигимиз тимсолига айланган қадрият

                        

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.


Тафаккур ва тил Яратган томонидан Инсонга туҳфа этилган энг буюк неъматлардан бўлиб, унинг олий зот, жамият гултожи бўлиб шаклланишига асос бўлганлигини яхши биламиз. Бу икки омил бир-бирига узвий боғлиқ эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Зеро, фикр ва ўйларимизни тил орқали юзага чиқарамиз. Дунёдаги ҳар бир миллат каби биз ҳам она тилимиз бўлмиш — Ўзбек тилини жон-дилдан севамиз, унда яйраб, тўйиб – тўйиб сўзлашамиз. Шоир ёзганидек: 

Она тилим, сен борсан, шаксиз, 

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз, 

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир», дейилади Давлатимиз раҳбарининг юқорида таъкидланган Қарорида. Мазкур ҳужжатга кўра, барча туманларда ва таълим муассасаларида байрам тадбирлари юқори савияда ташкил этилади. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари   ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловлари ўтказилади. Туманимизда ҳам  Қонун қабул қилинган кун — 21 октябрь арафасида ва айём кунида қутлуғ санага бағишланган турли тадбирлар:  «Ўзбек тили байрами», мушоиралар, адабий учрашувлар, билимдонлик синовлари ўтказилади. Она тилимиз онамиз каби мўътабар бўлиб, ҳар қанча эъзозга лойиқдир. Давлат даражасидаги қарор унинг обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади. 

                                                   М. ЙЎЛДОШЕВА.

комментариев