» » Эй, халқ! Эй, мусулмонлар! Биз на учун худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами?!

Эй, халқ! Эй, мусулмонлар! Биз на учун худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни наъфимизға амал қилмаймиз? Биз девонами?!

    

     Юқоридаги фикрни  ўқиб, гап ким ҳақда кетаяпти, ким айтган буни дерсиз?! Бу нидо сиз ва биз ҳақимизда кетяпти, эй замондош!

  Негаки, юзлаб йиллар давомида топган-тутганини фақат тўй ва азага, бекорчи орзу ҳавасларга сарфлайдиган бошқа ким ҳам бор. Бундан қариб бир юз йигирма йил олдин туманимиз фарзанди, ўз даврининг муфтиси, маърифатпарвар  Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганлар. «Бизни кемирувчи иллатлар деганда, захму маразни гумон этурмисиз? Йўқ, андин ҳам ёмонроқ тўй, азо исминдаги икки қаттол душманимизни дерман...» деб, тўй ва маъракаларимиздаги дабдаба, исрофгарчиликлар ҳақида гапириб, бу ишлар шаариатимизга ҳам тўғри келмаслигини таъкилаб: «Пайғамбари акрам саллалоҳу алайҳи  васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмиб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб ишга кетмоғқа ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар»,-дейдилар.

    Тўй ва маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги қарорнинг кучга кирганигаям мана қариб бир ой бўляпти. Бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов  қарор ижросини аппарат йиғилишининг муҳим масаласи сифатида муҳокама этди. Жойларда ушбу қарор ижросига лоқайдлик билан қараётган мутасаддиларга қаттиқ огоҳлантириш берди. Шу ўринда бир савол туғилади, халқнинг юкини енгил қилиш учун чиқарилган қарорнинг халқга сингиши шунчалар қийинми?! 

Бу иллатнинг илдизини ҳалигача илмсизлигимизда, «одамлар нима деркин», дея манманлик қилишимизда бўлса керак. Ахир кўпга осон бўлиши учун қилинган ҳаракат савоб эмасми?

 Туманимиз ҳокими Б. Бобоназаров ҳалқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига мурожаат этар экан: «Ҳар кандай иллат локайдлик томир  ёзган жойда авж олиши – исбот талаб килмайдиган ҳақиқат эканлигини яхши билсак -да, гоҳида буни ўзимиз ҳам тан олгимиз келмайди. Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик ҳам иллат даражасига етган экан, унга қарши ҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, курашиш фурсати етди! Кенгаш тўй-маъракалар ўтказишнинг ички томонини, яъни олди-берди, сарпо-суруқ, мебель-жиҳоз ва бошқаларни меъёрини ишлаб чиқиши, амалиётга татбиқ этиши ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим», деди.  

         Мўътабар Йўлдошова.

комментариев