» » САБР ҚИЛГАН ЯХШИЛИК ТОПАДИ

САБР ҚИЛГАН ЯХШИЛИК ТОПАДИ

  Муқаддас  Рамазони шарифнинг учинчи ўн кунлиги, сўнгги даҳаси бошланганига ҳам мана  икки кун бўлди. Қуръони карим нозил  қилинган муборак ойда мўмин-мусулмон  юртдошларимиз, шу жумладан. тумандошларимиз коронавирус  тарқалишининг олдини олиш  мақсадида ташкил  этилган карантин сабабли уйларида туриб,  қутлуғ ой ибодатларини  адо  этмоқдалар. Албатта, Рамазоннинг гўзал амалларидан бири бу, шубҳасиз, рўза тутиш бўлиб, бу ибодат инсонга  сабр-қаноатли бўлиш, ҳар хил ёмонликлардан тийилишга хизмат қилишини тумандошларимиз яхши билишади. Бу борада «ойнайи жаҳон»нинг  кўпгина каналларида берилаётган  маърифий  кўрсатувлар  катта  аҳамият касб этмоқда. Хусусан, динимизнинг машҳур уламоси Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад  Юсуф ҳазратларининг амри маъруфлари, «Ибрат», "Муборак Рамазон суҳбатлари" каби  мусоҳабали кўрсатувлардаги даъватлар  юртдошларимизга манзур бўлаётгани бор гап. Уларда мўминнинг гўзал фазилатларидан бири – сабр-қаноат ҳақида ҳам фикр юритилмоқдаки, бу борада бизнинг ҳам баъзи мулоҳазаларимиз бор.       Маълумки, доно халқимизда «Сабрнинг таги – сариқ олтин», «Сабр қилсанг, ғўрадин ҳалво битар» каби  каби мақоллар бор. Уларда бошга қийинчилик келганда  шукр қиладиган, яхши кунга умидини йўқотмайдиган одам муродига  етади, деган ибратли хулосалар мавжуд. Қуръони каримнинг Шарҳ сурасида    Аллоҳ таоло: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир», деб марҳамат қилса, Талоқ сурасида, «Ким Аллоҳга  тақво қилса, У унга  (қийинчиликдан) чиқиш йўлини қилур. Яна унга  ўзи кутмаган жойдан ризқ берур», дея  мурувват қилади. Мана, сизга сабр-қаноатли инсоннинг мукофоти!  Бизнингча, агар шундай фазилатли инсонлар  қанча кўпайса, жамиятимиз тинч –осуда, оилаларимиз  ажримлардан  холи, ҳаётимиз гўзал  бўларди.
       Юқорида  таъкидлаганимиздек, бугун рўза амалларини ҳалол-пок адо этаётган биродарларимизни  ҳам  сабр-қаноат тимсоли,  деб бемалол  айта оламиз, Уларнинг муборак Рамазон ойидаги барча ибодатларини, эзгу  амалларини, хайр-эҳсонларини  Аллоҳ ўз даргоҳига қабул қилган  бўлсин, Иншоолоҳ!


           Бекмурод  ИСМОИЛОВ,
     Туман  бош  имом-хатиби.

комментариев