» » «Қалқон бор — қалъа бут, қўрғон — саломат»

«Қалқон бор — қалъа бут, қўрғон — саломат»

Муддатли ҳарбий хизматдан Давлатимизнинг юксак мукофоти — «Шуҳрат» медалини кўксига тақиб қайтган хўжақишлоқлик жасур йигит — Шерзод Негматовнинг хонадонида катта шодиёна бўлиб ўтди. 

 «Хушхабарнинг қаноти бўлади», дейишади. «Хўжақишлоқлик Бозорбой аканинг аскар ўғли Давлат мукофоти олибди», деган қувончли хабар Жумабозор қишлоғи бағридаги тўртала маҳаллага ҳам яшин тезлигида тарқалди.

«Муборак бўлсин!»га келадиганларнинг кети узилмайди. Катта ўғли каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлганида қутловларга кўмилиб, ўзини анча босиб олган Бозорбой  ака чексиз қувончини яшираётгандек кўринса-да, Дилором аянинг кўзларидан севинч ёшлари сел бўлиб қуйиларди...

Дарҳақиқат, Президентимизнинг шу йил 11 январдаги Фармонига асосан хизмат бурчини бажаришдаги алоҳида мувоффақиятлари учун оддий аскар, I ва II даражали «Чегара қўшинлари аълочиси» кўкрак ношонлари соҳиби Шерзод Негматов юксак давлат мукофоти — «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. 

—   Шерзоднинг муваффақияти оиламизнинг барча аъзолари қатори мени ҳам ғоятда қувонитирди, — дейди қаҳрамонимизнинг акаси, спортнинг каратэ тури бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги кўплаб мусобақалар ғолиб Шаҳзод Негматов. — У давлатимиз раҳбарининг, ота-онам ва устозларининг ишончини оқлади.

Эътиборлиси, Шерзод биз билан суҳбат чоғида келгусида ҳарбий зобит бўлмоқчилигини, ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртларидан бирига кирмоқчи эканлигини таъкидлади. Унинг кўзларидаги оташ, шижоатни кўриб, азми қарорида собит бўлишига астойдил ишондик...

Бундан бир неча кун олдин туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров бошчилигида ҳокимият вакиллари қаҳрамонимиз туғилиб, вояга етган хонадонда бўлишиб, жасур аскарни, унинг ота-онаси, оила аъзоларини юксак мукофот билан муборакбод қилишди. Туман раҳбари фарзандини она Ватанни жон-дилдан севишга, иймон-эътиқодли, юртга фидойи, жасоратли қилиб тарбиялашда алоҳида намуна кўрсатганликлари учун Бозорбой ака ва Дилором аяга ҳоким ташаккурномасини топширар экан, уларга сиҳат-саломатлик тилади, шундай қувончли кунларнинг бардавом бўлишига тилак билдирди. Сўзга чиққанлар — Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари З. Авазов, туман мудофаа ишлари бўлими мудири, подполковник Д. Сидиқназаровлар ҳам самимй ниятлар изҳор қилишди.

Шу ўринда атоқли шоир Ғофур Ғуломнинг таниш мисралари ёдимизга тушди:

Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ,

Қалқон бор — қалъа бут, қўрғон саломат.

Ҳа, юртимизда Шерзод каби мард ва жасур йигитлар, қалқонлар бор экан, Ватанимиз қалъаси мустаҳкам бўлади. 

Абдулла НИСОРОВ.  

комментариев