Инспекция органлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан унумли ва самарали фойдаланиш, қонунбузилиши ҳолатларига барҳам берилиши юзасидан семинар-тренинглар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари тизимли асосда ўтказилмоқда.
Аммо, кўрилаётган чораларга қарамасдан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фуқаролар томонидан ер ресурсларидан қонунга зид тарзда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан ўзлаштириш сингари ҳолатлар учраб турибди. Мазкур ноқонуний ҳатти-харакатлар сабабли ернинг унумдор қатламига жиддий зарар етказилаётгани ҳам сир эмас.
Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган моторинг-таҳлил тадбирлари давомида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, Тойлоқ тумани Хўжаюз маҳалласида истиқомат қилувчи уч нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатсиз, “Боғизоғон” агросаноат фирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган “Мусохон Зиёхон” фермер хўжалигига ижарага берилган 1090-рақамли дала контуридаги суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қуриб олган. Ерни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга жами 43 млн 358 минг 773 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими томонидан фуқаролик судига даъво аризаси киритилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судида даъвогар ҳамда жавобгарлар иштирокида суд жараёни бўлиб ўтди. Унда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 43 млн 358 минг 773 сўм миқдордаги етказилган зарар ва давлат божи ундирилиши белгиланди.
Фурқат Умиров,
Ўзагроинспекциянинг Тойлоқ туман бўлими бошлиғи ўринбосари.
комментариев