» » АДОЛАТ – ДАВЛАТЧИЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

АДОЛАТ – ДАВЛАТЧИЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасида   суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.     Давлатимиз раҳбарининг таҳлилларга бой ва ғоятда кенг қамровли Мурожаатини бутун мамлакатимиз аҳли қатори биз, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари  зўр қизиқиш ва эътибор билан тингладик. Президентимиз таъбири билан айтганда «...адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи омил...» бўлган суд ҳокимияти ва суд – ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
  Мурожаатда таъкидланганидек,  2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим. 
       Суд ҳокимияти фаолиятидаги яна бир янгилик шуки, жорий йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилади. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратади. Шунингдек, келгуси йилдан суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади. 
   Мурожаатдаги муҳим янгиликлардан бири – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилиши бўлди.
 Бундан буён  инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.
       Умуман, Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, уни янги босқичга кўтариш борасидаги ҳар бир кўрсатма, аввало, фуқароларимиз манфаатига хизмат қилади. Қолаверса, биз, суд тизими ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шунинг учун Мурожаатни ходимлар томонидан  чуқур ўрганилишига алоҳида эътибор қаратдик. Зеро, мазкур улуғвор Ҳужжатдаги ҳар бир кўрсатма келгусидаги фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлиши шубҳасиздир. 
 
                       Б. ХУРСАНОВ,
Самарқанд туманлараро маъмурий судининг судьяси

комментариев