» » Суд ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш ҳуқуқлари, шикоят (протест) бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек кассация шикоятининг (протестнинг) мазмунига тааллуқли талаблар аниқлаштирилди

Суд ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш ҳуқуқлари, шикоят (протест) бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек кассация шикоятининг (протестнинг) мазмунига тааллуқли талаблар аниқлаштирилди

“Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  
Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига 
ТУШУНТИРИШ 
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартда қабул қилинган, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили”да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сонли Фармонининг 3-банди ҳамда ушбу Фармон билан тасдиқланган Давлат дастурининг 42 ва 52-бандларида кўрсатилган топшириқларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони 2-бандини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. 
Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлаш мақсадида лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда: 
1. ЖПКнинг 416, 417-моддаларига суриштирув, дастлабки терговнинг тўлиқ эмаслигини ёки жиноят процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилишларини бартараф этиш мақсадида, шунингдек жиноий жавобгарликка жалб этилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда суднинг ҳаракатларига тааллуқли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; 
2. ЖПК 55-бобининг мазмуни тегишинча 55-1-бобга (Биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят қилиш), 55-2-бобга (Апелляция инстанцияси судида иш юритиш) ва 56-бобга (Суднинг ҳукми ва ажрими устидан кассация тартибида шикоят бериш) ўтказилаётганлиги муносабати билан уни чиқариб ташлаш; 
3. ЖПК 55-1-бобининг 497-1–497-12-моддаларига биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш тартиби, муддатларини, апелляция шикоятига (протестга), уни тўлдириш ва қайтариб олишга қўйиладиган талабларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш; 
4. ЖПКни апелляция инстанциясида иш юритиш тартибини тартибга солувчи янги 55-2-боб билан тўлдириш. Хусусан, 497-13 – 497-37-моддалар билан тўлдириб, уларда: суд мажлисининг предмети, муддатлари, тарафларнинг иштирок этишига, ишни апелляция инстанцияси судида кўриш тартибига, суд ҳукмини, ажримини бекор қилиш ёки ўзгартириш асосларига, апелляция инстанцияси суди ҳуқуқларининг чегарасига нисбатан аниқ тушунтиришлар берилган. Апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинадиган қуйидаги қарорларга, янги ваколатлар билан тўлдиришга тааллуқли аниқ тушунтиришлар берилган: ҳукмни бекор қилиш ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги; айблов ҳукмини бекор қилиш тўғрисидаги ва ишни прокурорга қайтариш ҳақидаги; биринчи инстанция судининг ҳукмини, ажримини янги суд ҳал қилув қарорини (ҳукмини) чиқарган ҳолда бекор қилиш тўғрисидаги; апелляция тартибида иш юритишни тугатиш ҳақидаги. Бундан ташқари биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиш тартиби белгиланган; 
5. Суднинг ҳукми ва ажрими устидан кассация тартибида шикояти беришни тартибга солиш учун ЖПКнинг 56-бобига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш. Хусусан, ЖПКнинг 498–504-моддалари суднинг қарорларига тааллуқли аниқлаштиришлар билан тўлдирилди, ушбу қарорлар қайта кўрилиши мумкин, ҳукмлар ва ажримларни қайта кўриш асослари, жиноят процесси иштирокчиларининг суд ҳукми, ажрими устидан шикоят бериш ҳуқуқлари, шикоят (протест) бериш тартиби ва муддатлари, шунингдек кассация шикоятининг (протестнинг) мазмунига тааллуқли талаблар аниқлаштирилди; 
6. ЖПКнинг 56-1-бобини кассация инстанцияси судида иш юритиш қоидаларини белгиловчи қўшимчалар киритиш. ЖПКнинг 505–509-14-моддаларида шикоятлар (протестлар) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан кўриб чиқилишини инобатга олган ҳолда кассация инстанцияси судида иш юритиш тартибга солинган. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари муддатлари, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан қабул қилинадиган процессуал ҳужжатларнинг шаклига, мазмунига қўйиладиган талаблар белгиланган. Бундан ташқари ишларни кассация инстанцияси судида қайта кўриш ҳоллари, тартиби белгиланган; 
7. Назорат тартибида иш юритиш институти тугатилганлиги муносабати билан ЖПКнинг 57-бобини чиқариб ташлаш; 
– амалда мавжуд бўлган Олий суд судьясининг назорат шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим чиқариш ваколати бекор қилинмоқда, яъни ЖПКда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган шикоят (протест) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилиниб, судлов ҳайъатида кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда; 
8. ЖПКнинг 571-бобига янги очилган ҳолатлар туфайли жиноят иши бўйича иш юритишни қайтадан бошлашнинг аниқ қоидалари белгиловчи қўшимчалар киритиш. Суд қарорларини қайта кўриш тартиби билан бевосита боғлиқ бўлган мазкур институтни такомиллаштириш мақсадида ЖПКнинг 522–528-моддаларига қатор янгиликлар киритилган, уларга кўра: ушбу ҳуқуқни илгари назарда тутилганидек нафақат прокурор, балки жиноят процессининг бошқа иштирокчилари ҳам амалга ошириши мумкин; янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қайтадан бошлаш тўғрисидаги илтимосни ёки хабарни кўриб чиқиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади; 
9. ЖПКнинг 528, 530, 531-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уларга биноан суд қарорларининг қонуний кучга кириши ва ижро этилиши тартибини аниқлаштириш. 
 
И.Хамидов, 
Жиноят ишлари бўйича  
Самарқанд вилоят судининг судьяси.     
                              М.Эргашев, 
Жиноят ишлари бўйича  
Тойлоқ туман судининг раиси.

комментариев