» » Тўқалликларнинг дардини ким эшитади?!

Тўқалликларнинг дардини ким эшитади?!



Маҳалла ҳақида мақола ёзиш учун топшириқ олгач, қоғозу қаламимни қўлтиқлаб «Қайдасан, Давлатобод?» деб, йўлга тушдим. Учта киракаш машина алмашиб аранг шу номли қишлоққа етиб бордим. Ўтган-кетгандан маҳалла биносини суриштира бошладим. Аммо минг афсуски, ярим соатлик уринишим беҳуда кетди. Ҳеч бир кишидан тайинли жавоб ололмадим. Энди қайтаман, деб турганимда электр тармоқлари корхонасида ишлайдиган Фазлиддин акани учратиб қолдим ва суриштиришни биргаликда давом эттирган ҳолда ниҳоят манзилни топгандек бўлдик.

Тўқал қишлоғига йўл олдик. Маҳалла фуқаролар йиғини деб кўрсатишган, ҳовлисини чим босган, эски, таъмирталаб, антисанитар ҳолатдаги бино аслида Украч оилавий поликлиникасига қарашли қишлоқ эмлаш пункти экан. Аҳолининг изоҳ беришича, ўз биносига эга бўлмаган МФЙ бу ерга келиб жойлашиб олибди. Эшикдан киришимиз билан кўзимиз шифтда лампочка тугул, патронсиз осилиб турган электр симига тушди. Қўнғироқ қилиб маҳалла фуқаролар йиғини раиси, котиби ва мутахассисининг ҳеч бирига тушолмадик. Эшитишимизча, улар йиғилишда экан.

Бизни ҳудуд фельдшери Бахтиёр Мўминов ва ҳамшира Башорат Нормуродовалар қарши олишди ва шу маконда фаолият юритишаётганликларидан мамнун эканликларини билдиришди.

Маҳалла марказидан уч километр узоқликдаги бу тиббиёт пункти 1900 га яқин кишига хизмат кўрсатади. Эътибордан четда қолиб кетган чекка қишлоқлардаги каби хароб ҳолатдаги муассасада беморларни даволаш тугул, қабул қилиш учун ҳам шароит йўқ. Оёқлари қийшайган битта каравот, иккита стол ва тўртта стулдан иборат жиҳозга эга қоронғу хонадан дардига дармон истаб келганлар шифо топиб кетиши мумкинми?! Биз шундай инсонларни суҳбатга тортдик.

Абдурауф Сатторов: Бу ердаги тиббиёт ходимлари имкон даражасида бизга қарашади. Бироқ бир қишлоққа ҳеч бўлмаганда битта шифокор керак. Марказгача йўл олис. Касал бола, ҳомиладор аёл ёки кексаларни машинама машина судраб зиён етказиб қўямиз. Ҳаммада ҳам шахсий автомобиль йўқ.

Зайниддин Исломов: Саломатлигим яхши эмаслиги боис доимий равишда тиббий кўмакка эҳтиёж сезаман, аммо кўриб турганингиздек, пунктимиз талабга жавоб бермайди. 

Раҳматилло Қаюмов: Менинг қон босимим тез-тез кўтарилиб туради. Баъзан бошқа касалликлар безовта қилади. Пунктга келиб укол олгач, тинчланишим лозим. Аммо маҳаллага турли муаммолар билан келганлар орасида баъзан жанжал кўтарилиб кетади. Менга ўхшаган беморларнинг аҳволи янада ёмонлашади...


 

Қишлоқ аҳлининг гапларида жон бор. Ҳақиқатан олиб қараганда кунига 18-20 киши мурожаат қиладиган тиббиёт муассасаси саранжом-саришта, тинч, беморларнинг керакли муолажаларни олишлари учун қулай жиҳозлар билан таъминланган бўлиши лозим. Бу ерда эса...

Дарагимизни эшитиб, ўн беш нафар киши йиғилди. Бири сув билан боғлиқ муаммосини гапирса, бошқаси ўн беш йилдан буён ёзда тупроқ, қишда лой бўладиган кўчалар қачондир асфальт бўлишидан умидвор. 

Яна бир фуқаро эса Тўқал-2даги эски симёғочларни алмаштиришни сўраб бир неча ташкилотларга мурожаат қилганини, энди «Марказий студия» кўрсатуви ижодкорларини чақириб ёрдам сўраш қолганлигини айтди.

Биз бу мурожаатларнинг қайси ўринли-ю қайси ўринсиз эканлигига аниқлик киритиш мақсадида МФЙ раиси билан суҳбатлашмоқчи эдик, аммо юқорида айтганимиздек, уни топа олмадик...

 Муаммолар ўзимизники. Уларнинг ечими учун ҳам ўзимиз жавобгармиз. Умид қиламизки, халқ ишонч билан сайлаб қўйган оқсоқол ҳамда мутасадди ташкилотлар қишлоқ одамларини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тезда ҳаракатни бошлашади ва маҳалла аҳлининг «Марказий студия»га мурожаат қилишларига ҳожат қолмайди...

                      Д. КАМОЛОВА.

   «Қўшчинор» газетаси мухбири.

комментариев