ЦИТРУС ОҚҚАНОТИ

 цитрус ва субтропик минтақа ўсимликлари учун жуда зарарли ички карантин зараркунанда ҳисобланади. 

Цитрус оққаноти (Dialeurodes citri Ashm) тенг қанотлилар Homoptera туркумининг алейродид ѐки оққанотлар (Aleyrodidae) оиласига мансуб. Унинг ватани Жануби-Шарқий Осиѐ (Хитой, Ҳиндистон) мамлакатлари ҳисобланади. Ҳозирги кунда тропик ва субтропик иқлимли мамлакатларда кенг тарқалган. Ҳиндистон, Ветнам, Жанубий Хитой, Афғонистон, Япония, Филиппин ороллари, Цейлон ва кўпгина МДҲ давлатларида учрайди. 1942 йилдан АҚШ, Аргентина, Бразилия, Чили, Гавайи ороллари, Европа, Ўрта ер денгизи соҳилларига тарқала бошлаган. Бугунги кунда ушбу ҳашарот Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалиб улгурган, цитрус ва субтропик минтақа ўсимликлари учун жуда зарарли ички карантин зараркунанда ҳисобланади. 
   Цитрус оққаноти асосан цитрус ўсимликларида (лимон, апельсин, мандарин, трифолиат) ривожланади. Шу билан бир қаторда чой, хурмо, настарин, дафна, жасмин, камфара, гардения, лигуструм каби ўсимликларга ҳам катта зарар келтиради. У фақат дарахтларнинг баргларида ривожланади, шу боисдан қиш мавсумида баргларини тўкадиган дарахтлар ва буталар қишда оққанотдан тозаланиб туради. Личинкалари (айниқса 3 ѐшлилари) баргларни сўриб, унинг шарбати билан озиқланади, бундан барглар кучсизланади ва ўсимликнинг ҳосилдорлиги пасаяди. Оққанотнинг ширин ажратмаларида замбуруғлар жадал ривожланади, бу эса фотосинтезнинг сусайишига олиб келади, маҳсулотнинг товар кўриниши йўқолади, хосилдорлик 50% гача пасаяди. 
Ташқи тузилиши. Цитрус оққаноти урғочисининг узунлиги 1,6-2,0 мм келадиган бир жуфт оққанотга эга, кўзи қора, пушти доғли, танаси оч сариқ, жим турган пайтда қанотлари танасини беркитиб туради. Урғочиси ва эркаги ташқи кўринишидан бир-бирига жуда ўхшаш. Бироқ эркаги урғочисидан майдароқ, танаси ингичка ва узунчоқ. Урғочисининг танаси калта ва кенгроқ, қаноти калтароқ бўлади. Мўйлови етти бўғимли, оѐқлари икки бўғимли тирноқли, улар ѐрдамида у баргларнинг таг қисмига ѐпишиб туради. 
Ҳаёт кечириши: Қиш мавсумидан чиққан цитрус оққанотининг баҳорги авлоди 3-4 ҳафта яшайди. Барг остига қўйилган тухумлардан 10-12 кунда биринчи личинкалар очиб чиқа бошлайди. Баҳор ойларида личинкаларнинг ривожланиш даври 10-14 кунни, бутун умри, яъни тухум қўйишдан то етук ҳашарот бўлишигача эса, қарийб 60 кунни ташкил қилади. Ёзда личинкаларнинг ривожланиш даври тахминан 5-12 кунни, яшаш даври 30-40 кунни ташкил этади, яъни баҳорга нисбатан ривожланиш тезлашади. Куз ойларида ривожланиш даври анча узаяди: личинкаларнинг ривожланиш даври 15-35 кун, тухумдан қишки пупарийларнинг ҳосил бўлишигача 107 кунни ташкил қилади. Цитрус оққанотининг ривожланиши кўпинча уч авлодни ташкил этади, яъни баҳорда: апрель-май, ѐзда: июлда, кузда: сентябр-октябр ойларида. Битта урғочи оққанот 125 тагача тухум қўяди. Уларни биттадан бир нечта гуруҳларгача янги ўсиб чиққан баргларнинг орқа қисмига жойлаштиради. 
Баъзи ҳолларда битта баргда бир неча мингта тухумни учратиш мумкин. Пупарийлар ва тухумларнинг қобиғи оққанотлар очиб чиққандан сўнг баргларда бир йилдан ортиқ ѐпишиб туриши мумкин. Декабр ойига келиб пупарийлар чиқа бошлайди ва кейинги ойларда уларнинг сони кўпая боради. Баҳорнинг совуқ кунларида цитрус оққанотининг ривожланиши ҳар хил жадалликда кечади. Шу боис ѐзнинг иккинчи ярмида ўсимликларда личинкаларнинг ҳар хил ѐшдаги вакиллари, яьни ҳам тухуми, ҳам етук ҳашаротларни учратиш мумкин. 
Ёз ойларининг охирида барг тўкадиган дарахтларда ривожланган цитрус оққанотлари цитрус дарахтларига учиб ўтади ва қишда уларни зарарланишини кучайтиради. Қиш ойларида асосан цитрус дарахтларида қишлайди. Катта ѐшдаги цитрус оққанотлари узоққа учолмайди, улар дарахт шохларида ѐпишиб туради, аммо шамол ѐрдамида, кийимлар, транспорт воситалари, кесиб олинган гуллар, шохлар орқали бошқа ўсимликларга енгил кўчиб ўтиши мумкин. Зараркунанда тарқалишининг асосий манбаи зарарланган кўчатлардир. Оққанотнинг личинкалари кўчатлар, гуллар ва мевалар орқали бир давлатдан бошқа давлатга, туманлардан бошқа туманларга кўчиб ўтиши мумкин.
Биологик кураш чоралари: Биологик ҳимоя воситалари сифатида Encarsia, Eretmocerus авлодига мансуб паразитлардан, шунингдек Aschersonia, Verticillium, Cephalosporium турига мансуб замбуруғлардан тайѐрланган биопрепаратлардан фойдаланиш мумкин. 
Кимёвий кураш чоралари: Зарарланиш марказига биринчи ишлов бериш баҳорда, ѐзнинг бошида имагонинг биринчи авлодида ўтказилади. Бунда махсус тавсияномаларда келтирилган кимѐвий воситалардан фойдаланилади. Иккинчи ишлов личинкаларни биринчи авлоди кўплаб чиқадиган вақтда ўтказилади. Учинчи ишлов биринчи ва иккинчи авлод личинкаларига қарши ўтказилади. Оққанот билан кучли зарарланган кўчатларда тўртинчи ишлов сентябрнинг биринчи ярмидан меваларга ранг киргунча амалга оширилади. Меваларни териб олишдан 20-25 кун олдин ишлов бериш тўхтатилади. Пуркаш ишлари личинкаларнинг иккинчи авлодига ва дарахтлардаги қора доғлардан тозалаш учун амалга оширилади. Куз-қиш ойларида цитрус ўсимликлари илдизлари ѐпиқ ҳолатда фумигация қилинади. Зарарланиш маркази тугатилгандан сўнг дарахтлардан лигуструм, трифолиат ѐпишган шохлар кесиб ташланади ва зарарланган жойларнинг ўзида ѐқиб юборилади. 
Карантин тадбирлари: Цитрус оққанотига қарши ўрнатилган карантин тадбирларни амалга ошириш учун хўжаликларнинг воситалари ва кучидан фойдаланиш; 
Зараркунандани ўз вақтида аниқлаш мақсадида ўсимликларни доимий текшириб туриш; 
Цитрус оққанотининг тарқалишини олдини олиш, уларни йўқ қилиш борасида ўрнатилган карантин тадбирларига қатъий риоя қилиш; 
Хўжалик кўчат етиштириб, сотишга ихтисослашган бўлса, фумигацион камераларга эга бўлиши, кўчат ва қаламчаларни жўнатишдан олдин зарарсизлантириши; 
Карантин ҳолати жорий қилинган хўжаликлардан ўсимлик маҳсулотларини карантин инспекциясининг рухсатисиз ташқарига олиб чиқиб кетмаслик; 
Жўнатилаѐтган кўчат ва маҳсулотларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиш.

Б.ШОДИЕВ,
У. МУРОДОВ.

комментариев