» » Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бош мақсад қилиб олинган

Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бош мақсад қилиб олинган

Айтиш жоизки, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон қадри, уни рози қилиш масаласи давлат сиёсати даржасига кўтарилди. Буни юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мисолида кўриш мумкин. Жорий йил 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми бўлиб ўтади.
Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шу боисдан янгиланаётган Конституциямизда ҳам инсон қадри, унинг ҳуқуқларини ҳар жабҳада дахлсиз бўлиши қатъий белгилаб берилмоқда.
Агарда қарайдиган бўлсак, 1992 йил Бош қомусимиз қабул қилингандан буён унга киритилган ўзгартиришлар асосан давлат бошқаруви ва сайлов қонунчилигига оид бўлса, бу галги ўзгартиришлардаги асосий янгиланишлар айнан инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 133-моддасига мувофиқ судлар фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш кафолатлари кучайтирилмоқда. Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлгач, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли экани белгиланмоқда.
Бу эса, судда кўриб чиқилган ҳар қандай масала якунда инсон манфаатларига ҳамоҳанг тарзда адолатли кўриб чиқилишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шунингдек, киритилаётган яна бир муҳим бир ўзгартириш бу – шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслигидир.
Яқин ўтмишдан маълумки, йиллар давомида кўплаб фуқароларимиз қайсидир қариндошининг билиб ёки билмасдан қилган жинояти сабаб кўплаб ҳуқуқлардан маҳрум қилинар эди. Сўнгги олти йилликдаги ислоҳотлар сабаб қонунчиликдаги бундай нохолис норма бартараф этилди. Эндиликда ушбу норма Конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса кўплаб малакали кадрларга ўз соҳаси бўйича меҳнат қилиб, ватанимиз равнақига ҳисса қўшиши учун имконият яратиб бермоқда.
Албатта, янги Конституция орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашга доир кўплаб ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиришлар билан бир қаторда фуқароларга давлат ва жамият бошқарувининг барча босқичларида фаол иштирок этиш, ҳар бир қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ижросида ўз овозига эга бўлиш имконияти мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган юз минг нафардан кам бўлмаган фуқароларига биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси каби қонунчилик ташаббусини кўрсатиш имконияти берилмоқда.
Эндиликда, мамалакатимиз ва халқимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган фаол фуқаролар жамият манфаатлари учун зид деб ҳисоблайдиган қонунчиликни ўзгартириш ёки ижтимоий - иқтисодий муаммоларни ҳал этиш учун зарур деб билган қонунчиликни қабул қилиш бўйича ўз ташаббусларини билдиришлари мумкин бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда ўзгартирилаётган Конституциямизнинг қабул қилиниши ҳар биримизнинг эртанги кунимиз кафолати бўлади, десак янглишмаймиз.
О. Аллаев,
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди раиси

комментариев