

Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳурмат қилиш ва уларга риоя этишни рағбатлантириш учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида: “Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши керак”, дейилган.
2011 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Декларацияда ҳар бир инсон ўзининг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисида билиш, уларни сўраш ҳуқуқига ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш имкониятига эга бўлиши кераклиги кўрсатилган. Зеро, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим инсон ҳуқуқларининг умумийлиги, ажралмаслиги ва ўзаро боғлиқлиги тамойилларига мувофиқ жамият томонидан ҳурмат қилиниши ва уларга риоя этилишини рағбатлантириш учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимга тааллуқли қоидалар кўпгина халқаро ҳужжатларга, жумладан Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция, Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияга киритилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадларида миллий институтларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини яна бир карра намойиш қилмокда.
Айни пайтда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлардан Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонунчилик мониторинги институти ҳамда Миллий марказимиз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажариш йўлида хизмат қилиб келмоқда. Бу ташкилотларнинг ҳаракати, изланишлари ўлароқ, юртимизда инсон ҳуқуқлари муҳофазаси йўлида мустаҳкам қонунчилик тизими барпо этилди. Истиқлол йилларида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир конституциявий қонунлар, кодекслар ва бошқа қонунлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Хайрия тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга замин бўлмоқда.
О. Аллаев
Жиноят ишлари бўйича
Тойлоқ туман судининг раиси.
комментариев