» » Маҳаллий саноат — янги иш ўринлари ва барқарор ривожланиш гарови

Маҳаллий саноат — янги иш ўринлари ва барқарор ривожланиш гарови

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2025 йил 26 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маҳаллий саноатни ривожлантиришга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ушбу йиғилишда билдирилган таклиф ва вазифалар жойларда иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.Бугунги иқтисодий шароитда ҳар бир фуқаро, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар учун яқин ҳудудда иш имкониятининг бўлиши нафақат моддий таъминот, балки ижтимоий барқарорлик ва фаол фуқаролик позициясининг шаклланишига хизмат қилади. Маҳаллий саноатнинг кенгайтирилиши, хусусан, мебелсозлик, тўқимачилик, қурилиш ва заргарлик тармоқларида кичик бизнеснинг қўллаб-қувватланиши айнан шундай ижобий ўзгаришларга замин яратади.
Йиғилишда Президентимиз томонидан тақдим этилган ташаббуслар — нафақат рақамлар ва стратегиялар, балки ҳар бир ҳудуд фуқароси ҳаётидаги янгиланишлар демакдир. Масалан, беш нафаргача ишчи жалб этган фуқароларга мебел ишлаб чиқариш учун якка тадбиркор сифатида фаолият юритишга рухсат берилиши, ёки ёшларга ажратиладиган 7 йил муддатли имтиёзли кредитлар – бу амалий ислоҳотлар намунасидир.
Шунингдек, давлат томонидан заргарлик соҳасидаги ҳунармандлар учун берилган енгилликлар, кон-металлургия корхоналаридан олтин сотиб олишда қулайликлар, дизайнер ва технологларни жалб қилиш учун субсидиялар — бунинг барчаси маҳаллий истеъдод ва меҳнатга катта ишонч рамзидир.
Бугунги кунда "Маҳаллий ишлаб чиқарувчи" деган атама оддий завод ёки цех эмас — у инновация, ижодкорлик, миллий бренд ва экспорт салоҳияти тимсолидир. "Mall of Uzbekistan" каби савдо марказлари лойиҳаси эса бизнинг маҳаллий маҳсулотларни фақат ички эмас, балки ташқи бозорга ҳам олиб чиқиш салоҳияти борлигини исботлайди.
“Адолат” социал-демократик партияси сифатида биз ушбу янги имкониятларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, айниқса, ҳудудларда фуқароларнинг бевосита манфаатдор бўлиши учун амалий механизмлар ишлаб чиқилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Жамоатчилик назорати, маҳаллий кенгашлар ва фуқаролик жамияти институтлари орқали мазкур вазифаларнинг очиқ ва самарали ижросини таъминлаш борасида барчамиз фаол иштирок этмоғимиз лозим.
Ишончимиз комилки, мамлакатимиз саноатида кечаётган туб янгиланишлар ҳар бир фуқаронинг турмуш фаровонлигини ошириш, айниқса, ҳудудлардаги хотин-қизлар ва ёшлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Акрамова Нилуфар Жалиловна
Халк депутатлари Тойлок туман Кенгаши депутати

комментариев