» » * Бугун шоир ва журналист Ўткир Раҳмат туғилган кун

* Бугун шоир ва журналист Ўткир Раҳмат туғилган кун

Ўткир Раҳмат 1948 йилда Тойлоқ туманининг Узун қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини матбуот нашрларидан бошлаб, нуфузли идораларда хизмат қилди. Ҳозирда “Халқ сўзи” ва “Нородное слово” газеталари таҳририяти бош муҳаррири. “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлган. Халқаро Чўлпон мукофоти соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Шоирнинг “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачиғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хоксор майса”, “Дилчироқ”каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари нашр этилган.

Она ўтинчи
Келса агар Тошканга онам,
Бир ҳафтада зерикар эди.
Тушунмасдим — бунда нима кам,
Олисларга кўз тикар эди:
Қишлоғимга жўнат, болажон...

...Бир парча ер, бир парча осмон,
Болам, билсанг, дардим давоси.
Қадрдондир ҳув сўри, айвон,
Соғинганман унинг ҳавосин.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Кошонангда ҳамма нарса бор,
Иссиқ-совуқ сувлар муҳайё.
Бунда сира чекмайман озор,
Аммо ичим бирам зим-зиё.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Сиғмаяпман, ахир, на қилай,
Деразанг ҳам булутга ёндош.
Узоқларга боқмай мен ўлай,
Кекса дилим бўлаверар ғаш.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Кўз олдимдан кетмайди сира,
Омонмикан дала, боғларим?!
Чорлайверар ширин хотира —
Шод-у хуррам кезган чоғларим.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Уйга келиб дугоналарим,
Мени йўқлаб, остона ҳатлар.
Менсиз кўнгли эҳтимол ярим,
Юрагида бор қанча гаплар.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Тағин йўқлаб келгандир ҳозир,
Балки йўқ деб келишмадими?
Ўтирибман шаҳрингда базур,
Бундалигим билишмадими.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Бир қарасанг қафасдай гўё,
Пастга томон туширар дарров.
Ажабтовур экан бу дунё,
Саломи йўқ, қарамас биров.
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Неча кунки безовта кўнглим,
Мукаррамнинг тоби йўқ эди.
Ҳам тенгдош-у, ҳам гўё синглим,
Сўрамасам — мени не дейди?!
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Осмонўпар уйинг бор бўлсин,
Яйраб-яшна, униб-ўс болам.
Ҳувиллаган юрагим тўлсин,
Тўлсин ичимдаги бир олам —
Қишлоғимга жўнат, болажон...

Қишлоғимга жўнат, болажон...

✅ @Zarnews_uz

комментариев