» » Шоир Жамол Сирожиддин таваллудига 65 йил тўлди

Шоир Жамол Сирожиддин таваллудига 65 йил тўлди

Мавлоно Хумий ҳангомалари
Мамлакатимизнинг етук адабиётшунос-у мунаққидлари томонидан адабиётимиз бўстонига ўзининг  жарангдор овози билан кириб келган, миллий шеъриятимизда ўзига хос мактаб яратган  юксак истеъдод соҳиби дея эътироф этилган етук шоир Жамол Сирожиддин ҳаёт бўлганида яна бир неча кундан сўнг 65 ёшни қарши оларди. Афсуски,  ўндан ортиқ шеърий ва бошқа жанрлардаги китоблари билан юртимизнинг турли гўшаларида минг-минглаб мухлисларига эга бўлган оташқалб ижодкорнинг орамиздан кетганига ҳадемай беш йил тўлади. «Хумий» тахаллуси билан довруқ қозонган шоир нафақат ижоди, балки самимий чеҳраси, беҚубор ҳазил-мутойибага мойиллиги, оқ кўнгиллиги, саховатдиллиги каби кўплаб юксак инсоний фазилатлари билан ҳам халқимизнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлган эди. Жамол ака билан  қишлоқдош, мактабдош, маслакдош ва устоз-шогирд мақомида бўлганлигимиз учун ҳам  ул зоти шариф билан боҚлиқ жуда кўп воқеотлар ва ҳангомалар  хотирамда сақланиб қолган. Уларга,  айтарли, бадиий бўёқлар суртмасдан, тўқималар қўшмасдан, имкон қадар ўз ҳолича  эътиборингизга ҳавола этишни жоиз деб биламан. Шоядки, унинг руҳи  покини шод қилиш  бахтига мушарраф бўлсам.

«Юзингизга гул ёпишипти  ёки «живой»  кўрсатув»
...1991 йилнинг 20 декабрида республика телевидениесининг биринчи дастури орқали тўғридан-тўғри намойиш этиладиган «Шоирлар  болаларга» кўрсатувида иштирок этиш учун Жамол ака иштихонлик болалар шоири Олқор Дамин ва мени таклиф қилди. Јиш ҳавоси ҳукмронлик қилаётган ва бир қаричга яқин қор билан қопланган Тошкентга бир кун олдин, тушга яқин етиб бордик. Шаҳар кўчаларида машиналар ва одамлар сийрак, савдо дўконлари ҳам ҳувиллаб қолгандек эди..
Телестудияда бизни  хушмуомала, кўҳликкина, ёш режиссёр қиз қарши олди ва хоналардан бирига бошлади. Дастур келишиб олингач, нақ икки соат давом этган «репетиция»  давомида бўлажак  кўрсатувни бир неча марта такрорлашга тўғри келди. Қиз ўзини қанчалик мулойим ва қувноқ тутишга  уринмасин,  мен ва Олқор акани «Стоп!»лар билан «сийлаб», танбеҳ берганида, асабийлашгани билиниб турарди. У биз билан хайрлашаётиб: «Бўлади! Ёмон эмас!» деган бўлса-да, кўнглида қандайдир Қашлик борлигини ҳис қилардик. 
...Кўрсатув чоғида ғалати воқеа юз берди. Жамол ака қўрқув ва ҳаяжон ичида қолган  режиссёр қизни ҳайратга солиб, сценарийда бўлмаган «Шўрва ариқ» ҳангомасини латифанамо қилиб айтди-да, дабдурустдан хандон отиб кулиб юборди. Кулганда ҳам шундай тўлиб, яйраб кулди-ки, кўзидан ёш чиқиб кетди. Биз ҳам унга  астойдил жўр бўлдик. Кейин «шўрва ариқ» ҳақидаги шеърни ҳам  қойиллатиб ўқиди. Устознинг дадиллиги бизга ҳам кўчди ва яна дастурдан четга чиқиб кетдик...  Хуллас, кўрсатув қаҳқаҳа билан  ўтди. Тадбир тугаб, чиқиш йўлагига бурилганимизда, ортимиздан  аёл кишининг: «Шошманг-лар!» деган қўнғироқдай овози эшитилди. Ўгирилиб қарадик — ўша соҳибжамол режиссёр қиз! Унинг охирги сўзларини эшитиб қолдик:
— Гап йўқ, акалар! Биринчи ишим эди, жуда қўрқиб турувдим! Лекин, кўрсатув «живой» чиқди! Раҳмат эшитдим!
Қиз етиб келиши ҳамоно Жамол акани қучоқлаб, икки юзидан ўпди ва хижолат бўлган кўйи ортига қайтди. Устознинг юзи ҳам  қизил лавлагига айланди, қолди. Бироздан сўнг Олқор ака костюмининг чўнтагидан дастрўмолини чиқариб, унинг ёнига келди:
—Жамолжон, шошманг! Юзингизга гул ёпишибди. Оббо, қизи тушмагур-ей!
Устоз ўнг қўлини баланд кўтариб, «Тўхтанг!», деган ишорани қилди ва ўзининг рўмолчасини олди:
— Парво қилмайсизлар. Бундай воқеалар баъзи-баъзида бўлиб туради.
Саломлашиш мана бунақа 
бўпти-да!

Юқорида ҳикоя қилганимиз — телекўрсатув баҳона Жамол Сирожиддин бизни  пойтахтдаги ижодий муҳит билан, ўзи эътиқод қўйган адиблар билан кўпроқ таништиришга ҳаракат қилди. Таниқли сўз устаси Қурбонали Искандаровнинг уйида меҳмон бўлганимизда, у қулинг ўргилсин мошкичири билан сийлади. Устоз раҳбарлигида шоир Яҳё Тоғанинг уйида нишолда пиширдик. Фронтчи – ёзувчи Вали ўафуровдан оқ фотиҳа олдик. Тойлоқдан етишиб чиққан истеъдодли мусаввир Аҳмаджон Умаровнинг республика киночилар уйидаги кўргазмасида қатнашдик Ниҳоят, Жамол ака бизни «Муштум» журнали таҳририяти сари бошлади. Муштумчилар хонаси томон бораётганимизда, шоир Анвар Обиджон қаршимиздан чиқиб қолди.
— Усто Хумий, Самарқандда ҳали ҳам қишму?
Мавлоно Гулмат Шоший, бизда баҳор бошланғонига анча бўлмишдур! ..
Биз эса, табиийки, тагли-сирли савол-жавобнинг маҚзини чақа олмаслигимизга кўзимиз етиб, жимгина қараб турардик... 
...Жамол ака бизни  узун йўлакнинг  ўртароғидаги  эшиги  очиқ турган  хоналардан бирига бошлаб кирди. Хонанинг тўридаги столда нималарни ёзиб ўтирган  ёши ўттизлар  атрофидаги  истараси иссиқ йигит бизни кўриши билан дарров ўрнидан туриб, истиқболимизга чиқди. Жамол ака фурсатни бой бермай қулоғимга шипшиб қўйди: «Шоир — Сирожиддин Саидов, «Муштум»да ишлайди».
— Э, келинг, келинг, тақсир! Қани ўтинглар, марҳамат, — мезбон салом-аликдан сўнг бизни ўтиришга таклиф қилди, кейин яна устозга юзланди,— Кўринмай қолдингиз. У ёқлар тинчми? Қайси шамоллар учирди?
Жамол ака Сирожиддин Саййидга бизни таништиргач, сўнгги икки кундаги воқеаларни қисқача гапириб берди, кейин мақсадга кўча қолди:
– Янгиларидан олиб  келувдик, агар маъқул келса... кейин мен томонга юзланди, — Яхшиси, сиз «Фалон... бўлди»ни ўқиб бера қолинг.
Ҳаяжон кучлилик қилдими, шеърни хаста ва титроқ овозда ўқиганимни ҳис қилдим.
— Энди навбат — Мавлоно Хумийга! - деди Жамол ака бироз ҳазил оҳангида
— Қани, қани... — С. Саййид  стулини устозга яқинроқ жойга силжитди, — ўзи соғиниб юрувдик.
Устоз ўрнидан туриб, қўлидаги қоғозга бир қараб олди-да, «Ўйнағил» деган янги  «хумиёна»сини  таниш оҳангга солиб куйлай бошлади.
«Хумиёна» тугаши билан ўнг тарафдаги хонанинг эшиги очилиб, ўрта бўйли, чамаси 55 ёшлардаги, бутун сийрати билан  кулгу-табассумга мойил киши  чиқди. У ҳаммага бирров кўз югуртириб чиқди-да: «Эҳа-а!» деганча кулиб юборди. Кулганда ҳам тўхтовсиз кулди, силкиниб-силкиниб кулди. Унга жавобан, биз тарафдан устоз Хумий  кулишга киришди. Икковлари ҳам маза қилиб, яйраб  кулишарди. 
— Бош муҳарриримиз  Неъмат Аминов  шу киши бўладилар, — деди Сирожиддин Саййид меҳр тўла оҳангда.
Неъмат ака Хумийнинг икки елкасига қўлларини қўйиб, сўз бошлади:
— Бу нимаси бўлди яна? Овозингизни эшитмасак, остонадан жимгина қайтиб кетар экансиз-да, — деди у бироз ўпкалаш аралаш қувноқ оҳангда. Сўнг суҳбатдошининг жавобини ҳам кутмай, биз билан кўришишга ўтди; сўрашаётиб, савол назари билан устозга қаради. Жамол ака буни пайқвмади, шекилли, Сирожиддин Саййид кўмаклашиб юборди:
— Олқор акани билсангиз керак — самарқандлик болалар шоири. Бу киши эса Хумий аканинг шогирди экан. Ҳажвий шеърларини олиб қоляпмиз.
— Яхши, яхши, — деди Неъмат Аминов бироз ҳаяжон аралаш жўшқин овоз билан...
         * * *
Ўша воқеадан кейин орадан бир неча ой ўтди. Аёзли кунлар ортда қолиб, баҳорнинг илиқ нафаси сезилаётган тонгларнинг бирида дарвоза тақиллаб қолди. Кўча тарафдан устознинг: «Абдулло ака!» деган таниш овози эшитилди. (Эътирозимга қарамай, Жамол ака негадир мени шундай деб чақирарди.) Дарвозани очишим билан шоирнинг бахтиёрлик балқиб турган нигоҳи, мухлисларни латиф шеърлари каби сеҳрлаб қўядиган машҳур табассуми кўзга ташланди.У қўлидаги янги «Муштум»нинг муқовадан кейинги саҳифасини очиб менга кўрсатди ва айрича меҳр билан:
— Қаранг, сизнинг шеърингизни танлашибди. Табриклайман сизни!, — дея қучоғини очди... Журналнинг муқовасига кўз югуртирдим; 1992 йил, февраль, 3-сон. Иккинчи бетда эса «Муштум» дўмбираси»  рукни остида араб ва кирил имлоларида берилган «Фалон... бўлди» сарлавҳали ҳажвий ғазалим нақ ярим саҳифани эгаллаган эди...


... Ажабо, инсон вужудида бу қадар буюк меҳр, самимият, саховат, олижаноблик фазилатлари бирваракайига тажассум  қилиши учун у қандай қалбга эга бўлмоғи керак?! Ана шу эзгу фазилатларнинг барчасини жамлаб ва ва оддийгина қилиб «инсонийлик» деб атасак, уни муштдек келадиган қалбга сиғдириш мумкинми?!  Нафақат мумкин, балки шундай қилмоқ — ҳаётий зарурат экан. Устоз Хумий жасоратга тўлиқ ҳаёти, эзгу амаллари ва жўшқин ижоди билан буни исботлаб кетди... 
   Абдулла НИСОРИЙ.

комментариев