» » «Ватан ҳимоячиси бўламан!»

«Ватан ҳимоячиси бўламан!»

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг туманимизда жойлашган ҳарбий қисмида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ҳамда бўлажак ёш аскарлар иштирокида ҳарбий ватанпарварлик тадбирида қатнашган ҳар бир ёш ўғлоннинг кўнглидан шундай фикр ўтди.


Тадбирда Боғизоғон,Таллиота, Хўжаюз, Дўстлик, Файзиобод маҳаллаларидан уюшмаган ёшлар, шунингдек, «Қалқон —Жасорат» мактабининг 60 нафар курсантлари қатнашдилар.

 Улар ҳарбий қисм томонидан ташкил этилган энг замонавий ҳарбий техника кўргазмаси билан танишдилар. Миллий гвардиячилар жанговар қуроллар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Уларнинг Президентимиз томонидан илгари сурилган  бешта ташаббусга жавобан  ҳарбий спорт йўналишидаги чиқишлари ёшлар учун чинакам ватанпарварлик мактаби бўлди.

 — Бугунги тадбирда маҳалламизнинг 20 нафар уюшмаган ёшлари иштирок этяпти, — дейди Хўжаюз МФЙ масъул котиби Учқун Тангиров. — Уларнинг юз-кўзларидаги мамнунлик, ҳавас ва ҳайратни кўриб, бундай учрашувларнинг нечоғлик зарур эканлигини фаҳмлаш қийин эмас. Ватанга муҳаббат, унинг келажаги учун масъуллик ҳисси мана  шундай кўргазма ва мулоқотларда шаклланади.

Кичик жуссаларига ҳарбий мундир ярашган бўлажак аскарлар — курсант ўғлонларнинг чақнаб турган кўзлари, гвардиячи акалари томонидан  замонавий ҳарбий техника ва қуроллардан фойдаланиш юзасидан кўрсатмаларни ҳаяжон билан тинглаши ва амалиётдаги зукколиги йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 — Миллий гвардиячилар  жанговар техника ва қуроллардан она юртни, тинчликни ҳимоя қилиш  мақсадларида фойдаланилишини обдон тушунтириб беришди, — деди тадбир иштирокчиси, бўлажак аскар, курсант Фаёз Турсунов. — Очиғини айтсам,  уларга жуда ҳавасим келади. Мен ҳам келгусида ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртларидан   бирига киришни дилимга тугиб қўйдим. Ватан ҳимоячиси бўлишдек, эзгу ният йўлида астойдил ҳаракат қиламан.

О.САНАҚУЛОВ,

 ҳарбий қисм командири-  

           нинг ўринбосари, 

              подполковник.

            А. НИСОРОВ,

     «Қўшчинор» газетаси

                     мухбири.

комментариев