
Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (кейинги ўринларда — Тартиб) жорий этилди:
коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганлигини инобатга олиб ва ушбу инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилди;
Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида — иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилиши тартиби жорий қилинди;
Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилди;
биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланди;
республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланди;
давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилди;
фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди;
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига:
Миллий гвардия ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
Тартибнинг амал қилиш даврида, заруратга кўра, қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этиш чораларини кўриш юклатилди.
Тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар ўрнатилди:
а) коронавирус инфекцияси аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь — март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар:
Комиссия қарорларига, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;
Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;
санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;
соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар;
б) давлат санитария назорати органлари томонидан изоляция қилиниши лозимлиги ҳақида талаб қўйилган шахслар билан бирга яшовчи шахслар ҳам 14 кун давомида ёки давлат санитария назорати органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга мажбурдирлар;
в) коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади;
г) идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шарт:
ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш;
иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;
давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;
д) савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминланди;
е) Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.
4. Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:
бир ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши чораларини кўриш;
карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилишини қисқа муддатларда таъминлаш белгиланди.
16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия Тартибнинг амал қилиш даврида жамоат тартибини сақлаш чораларини кучайтириш юклатилди.
Ҳурматли фуқаролар, ўз оила аъзоларимизни, яқинларимизни коронавирус инфекциясидан асраш учун карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилайлик.
Маҳмуд ДАВРОНОВ.
комментариев