Онам кўп йиллардан бери маҳаллада фаолият кўрсатадилар. Баъзан жанжалли вазиятларни босишлари, баъзан оилада келиб чиққан низоларни ҳал қилишлари, кетиб қолган келинни олиб келишларию, томонларни муросага чорлашлари кўп учрайди. Шулардан биридир, деб тургандим телефоним жиринглади. Онам экан. “Нима бўлди, одамлар шунақа пайт ҳам жанжал қиладими”, десам, “Йўғе, бошқа воқеа бўлди. Қишлоғимиздаги Ҳилола келин борку, иккита қизини контрактда ўқитаётган, эсладингми? Шуларнинг оиласига ҳомийлар қийналиб қолган бир нечта оилангиз бўлса етказасизлар, деб рўзғорлик озиқ-овқат ташлаб кетишган маҳсулотлардан бериб юборсак, ҳаммасини ҳисоблаб чиқиб, пластик карточкасини олиб келибди. “Мен уяламан, ололмайман, биздан оғир оилалар бўлса, уларга беринг, ёки мана бу карточкадан пулини ечволинглар”, — дейди. Келинга тушинтираётган пайтимиз сен қўнғироқ қилиб қолдинг. Ахийри, зўрға кўниб кетди”.
Ҳилола янгани яхши биламан, меҳнаткаш қишлоқ аёли. Умр бўйи эридан рўшнолик кўрмади. Ҳалол меҳнати ортидан ризқ топади, жўжабирдай жон билан учта боласини катта қилди. Ҳозирда бир эмас иккита қизини шартнома асосида ўқитяпти. Яна орияти устунлик қилиб маҳаллага пул кўтариб келгани у аёлнинг ботинида қандай гўзал тарбия яширинганини ошкор қилди.
Ҳали бу кайфиятдан чиқиб кетмаган эдим, ижтимоий тармоқда тарқаган видеога кўзим тушди. Бу не ҳолки, дўриллаган овоз билан эркак киши оиласига келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларини тарозилаб, нарх уряпти. “Буниси унча, буниси бунча кам”, деб ёзғиряпти. Бундайлар кетма-кет бир биридан ранг олган, шекилли, яна сурхондарёлик аёл ҳам байроқ қўтариб чиқибди. “Мени ейишга ноним йўқ, деразамни ойнаси йўқ, берган нарсаларингиз билан кун ўтказолмайман”, — дейди. Аслида унга ҳадя қилинган маҳсулотлар орасида ун, ёғ, макарон хуллас бемалол овқат қилиб қорин тўйдирадиган бозор-учарлик рўйхатдаги ҳаммаси бор эди. Уларга дилда ҳапқирган бир-икки саволларни берган бўлардим:
Сиз бу нолишларингиз билан кимни шарманда қилмоқчи бўласиз, ўзингизними ёки ҳомийларни?
Сиз уч кунлик егулиги бор инсоннинг бой, ўзига тўқ саналишини биласизми? Бу ҳатто, ҳадисларда ҳам баён этилган.
Ношукрнинг косаси оқармаслигини, сабр-қаноат нелигини биласизми?
Балки шу табиатингиз учун ҳам ўзингизни ночор кўрсатиб, ношудлигингизни ошкор қилиб қўйганингизни-чи, биласизми?
Йўқ, сиз буларни билмайсиз. Билганингизда, англаганингизда сира бу ишга қўл урмаган, аксинча, сизни йўқлаб, дарвозангизни тақиллатган инсонланинг дуойижонини қилган бўлар эдингиз. Афсуски, жамиятда сиз каби гуруч курмаклари бисёрдир.
Шу ўринда яқин кунлар ичида бўлиб ўтган айни мавзуга алоқадор воқеани хабар қилмоқчиман. Тошкент вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларига Пискент туманидаги бир оила тинмай электр печка ва кир машинаси сўраб хат қолдираётганмиш. Масъуллар уларга ҳам рўзғор маҳсулотларини етказибди, аммо улар уйида палоси, томи тешилиб кетганини айтиб электр печка ва кир ювиш машинаси берилишини талаб қилибди. Яна бир бўстонлиқлик фуқаро эса ўз хатида оиласига бир дона қорамол берилса, болалари сут-қатиғини ичиб кун кўришини айтган. Иккала оиланинг манзили, хат мазмуни ҳам қўлимизда бор. Фақат журналистика этикаси юзасидан эълон қилмадик.
Эй, кир машина дардида ёниб-куйганлар, Муҳаммад Юсуфнинг “Бири кам дунё” шеъри айни сизга ўхшаганлар учун ёзилгандир:“Узат дейсан, бер дейсан,
Ҳеч қўймадинг, одамзод,
Туя тўйди, тўйди,
Сен тўймадинг, одамзод”.
Хатларни ўқир эканман, юзсизлик ва ношукрликнинг чегараси ёнма ён туришини уларнинг ораси бир қадам эканини хулоса қилдим. Наҳотки, ор-номус деса ўлимга тик қараган ўзбек халқининг даражаси шу қадар пасайиб кетди? Ахир ҳеч ким бировнинг иссиқ-совуғидан хабар олишга мажбур эмас. Силайи раҳим, яъни, жигарлар бир-бирига кўмаклашиши, синовли кунларда елкадош бўлиши лозимлигига амал қилиб, биродарлик, қўни-қўшнилик анъналарига содиқ қолган ҳолда қўл узатишса, узатилган қўлни тишлаб олиш
қаердан чиқди? Бирдан, негадир Ҳилола янганинг ҳозирги ҳолатини тасаввур қилдим. Томоғимга недир тиқилди...
Наргиза ЮНУСОВА.
комментариев