Коронавирус пандемиясининг дунёдаги салбий оқибатларидан бири бу оилавий зўравонликлар ҳисобланади. Бу фақат Ўзбекистонгагина эмас, балки бутун дунёга ҳос муаммо.

Жуфтликлар жуфт бўлишларига қарамасдан одатда ҳеч қачон бунча кўп муддат бирга яшашга маҳкум бўлган эмаслар. Кимдир ишлайди, кимдир меҳмонга боради, кимдир ишлари билан машғул бўлади. Хуллас, ойлар давомида уй ичида бир-бирининг қошу-кўзларига "ошиқ бўлиб" ўтирмайди. Бунинг устига коронавируснинг ваҳимаси, бозорларда нархларнинг ошиши, кимларнингдир ишсиз қолиши, болаларнинг мактабга бормасликлари, эртанинг хавотирларини қўшса, бу инсонларга қўшимча руҳий босим юклайди. Натижада инсонлар агрессив, яъни тажаввузкор бўлиб қолишлари мумкин. Бундай пайтда албатта кучли кучсизга нисбатан зўравонлик қилади.
Хотинни уриш мумкин ва ҳатто уриш керак деб ҳисоблайдиган консерватор жамиятларда бу ҳол хавфли кўриниш олиши мумкин. Ўзбек жамияти тўлиқ бўлмаса ҳам қисман шундай жамият эканлигини ҳисобга олсак, сўнгги кунларда ОАВларда чиқаётган эри хотинини ўлдирганлиги ҳақидаги хабарларнинг илдизини англагандай бўламиз.
Демак, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар, кенг жамоатчилик бу борада қилиниши лозим бўлган вазифаларини белгилаб олишлари керак.
Дониёр РЎЗМЕТОВ

комментариев