» » Рамазон ойининг гўзал фазилатлари

Рамазон ойининг гўзал фазилатлари


24 апрель, жума тонгидан бошлаб, дунёдаги ва юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар қатори тумандошларимиз ҳам муқаддас рамазон ойи амалларини бажаришга киришдилар.
             
           
          Рамазон  ойи  юртдошларимиз орасида  меҳр-оқибат, ўзаро  ёрдам, хайру  саховат  каби  юксак  инсоний  фазилатлар  мустаҳкамланишида  муҳим  аҳамият  касб  этади. Ҳар  йили  интиқиб  кутадиганимиз бу муқаддас ой ҳақида  Қуръони   Каримда  шундай  марҳамат  қилинади:  «Рамазон  ойи - одамлар  учун  ҳидоят  ва  тўғри йўл  ҳамда   ажрим  этувчи  ҳужжатлардан  иборат Қуръон  нозил  қилинган  ойдир». (Бақара, 185). Рамазон ойининг  қадрига  етмоғимиз учун унинг фазилатларини билмоғимиз лозим. Масалан, нафсни  поклаш  ва  ахлоқни  сайқаллашда  намоз  ва заковатдан  кейин  рўза  ибодати келади. Рамазон  тиловат    учун  энг қулай  фурсатдир. Фақат Аллоҳнинг  зикри  ва  Қуръон тиловати  билан  қалблар  ҳузур - ҳаловат  топади.
        Инсонни тўғри  йўлдан  оздирадиган  нарсалар  ичида  баднафслик  энг  ёмони  эканлигини    яхши  биламиз. Рўзанинг, яъни кундузи ҳар қандай таомдан тийилишнинг  фойдали  жиҳати  нафсни, шу жумладан шаҳвоний нафсни  жиловлашга  хизмат  қилади. Рўза  тутган  одамга  шайтон  яқинлаша  олмайди.  Умуман Рўзанинг  фойдали жиҳатларини   санаб  адоғига  етиб  бўлмайди.
       Қуръони Каримнинг “Бақара”  сурасида Аллоҳ :
“Эй  иймон  келтирганлар, сизларга  ҳам, худди  сиздан  олдин  ўтганларга  фарз  қилинганидек, рўза  фарз  қилинди, шоядки, тақво  қилсангиз”  деган (183- оят). Рўза  ҳам тақво  йўлларидан  бири. Рўза  тутган  одам  қалбида  тақво  руҳи  уйғониши  лозим. Кимда  ким  рўза  тутса-ю, қалбида  тақво  ҳисси  уйғонмаса  у   одам  ҳақиқий  рўза  тутмаган  бўлади.  Кимки  иймон  ва  эътиқод  билан  рўза  тутса, Аллоҳ  таоло ўша  бандани  “тақво”  деб  номланувчи,  икки  дунё  саодатига  элтувчи  бахтга  муяссар  қилади.
       Рамазон  ойида  рўза  тутиш  ақли  расо, балоғатга  етган, узрли  бўлмаган  мусулмон  эркак  ва  аёлларга  фарздир. Рўза  билан  нафс  тарбияланиб, шаҳвоний  ҳай-ҳаваслар жиловланади. Рўза  комил  бўлиши  учун  рўзадор  ножўя  сўзларни  оғзига  олмаслиги, ғийбат   қилмаслиги  ва  уларга  қулоқ  солмаслиги  керак. Мукаммал  адо  этилган  рўза  мусулмонни  ахлоқан ва  маънан  юксакликка-тақво  мақомига  етказади. Шунингдек, Рўза  иродани  чиниқтирувчи, нафсни  тийишни  ўргатувчи, тўқлар  қалбида  оч-муҳтожларга   нисбатан  раҳм-шафқат  уйғотувчи  ибодатдир. Бундан  ташқари , йилда  бир  бор  уйлар  таъмирланганидек, р´за  ошқозон  ёки  баданни  тартибсиз  овқатланиш  оқибатида  келиб  чиққан  касалликлардан  тозалайди  уларга  дам берувчи ҳаётбахш ибодат ҳамдир.
          Манбаларда   рўза  инсон  руҳига, қалбига  бошқа  ибодатлардан  кўра  тезроқ  ва  кучлироқ   таъсир  кўрсатиши  таъкидланган. Ҳақиқатан ҳам бу ибодат,   қалбни  турли  иллатлардан  тозалайди  ва  маънавий- маърифий  юксалишга  ёрдам  беради. 
        Бугунги кунда дунё аµли сингари  халқимиз ҳам  оғир  синовни  бошидан  кечирмоқда; юртдошларимиз  бир  тану  бир  жон  бўлиб, коронавирус  офатини  тезроқ  даф этиш  учун қатъият курашмоқдалар. Бундай пайтда  бир-биримизга моддий- маънавий   кўмак  беришимиз жуда муҳим. Муқаддас Рамазон ойи бу каби эзгу ва савоб ишлар учун энг мақбул ой.  Шундай  қилайликки, савоб ишлар кундалик  ҳаёт  тарзимизга  айлансин.
                                             Э. ИСМОИЛОВ,                                 Маданият жомеъ
 масжиди  имом-хатиби.

комментариев