» » МУАММОНИНГ ЕЧИМИ БОРМИ?

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ БОРМИ?


Кўча номлари ва хонадонлар рақамларини тартибга солиш масаласи «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган  вазифалардан бири сифатида белгиланмоғи   лозим.

265-уйни кўрсатиб 

юборинг!

...Қишлоқ» кўчаси бўйлаб юриб, ишхонага етай деб қолганимда, кўк рангли «Нексия» ёнимга келиб тўхтади. Машина эшигини қияроқ қилиб очган озғин йигит  салом-аликни ҳам нася қилиб, сўз қотди:

—  Ака,  шу қишлоқда яшайсизми?

— Шундай.

— Унда 265-уйнинг қаердалигини билсангиз керак. Кўрсатиб юборинг!

— ...

Бироз шошиб қолдим. Очиғи, қишлоқнинг тўй-маърака, меҳмондорчиликларига бехато чиқиб турсам-да, уйларнинг рақамларига эътибор бермаган эканман. Ҳарқалай, ўзимизнинг дарвозамизга «153-уй» деган лавҳача ўрнатганим ёдимга тушди. Негадир шу топда таҳририят каршисидаги уйнинг дарвозасига қарадим ва «26-уй» деган ёзувга кўзим тушди.

— Сиз сўраган уй бу кўчада эмас-ов, ука, — дедим жавоб кутиб турган йигитга қараб.

— Йўғ-е, бизга айнан шу кўчада дейишганди. Қозихона қишлоғи шуми ўзи?

Хуллас, бетакаллуф йигитга ёрдам беришга қарор килдим. Озгина юриб, ишхонамизга ёндош йирик хусусий корхонанинг пешлавҳасиз ва рақамсиз (бу алоҳида мавзу), салобатли дарвозасидан ўтганимиз ҳамоно, 268-уйга дуч келдик. Воажаб, бу нимаси?! Битта кўчада ёнма-ён жойлашган икки уй рақамининг бири ерда-ю, бири осмонда?! Ҳали бу ҳам холва экан; меҳмонларга манзилни кўрсатиб, ўттиз қадамча юрган ҳам эдимки, бир пайтлар «Ёшлар» деб аталган, кейинчалик «номи ўчган» кўчада 272 ва 157-уйларнинг «қўл ушлашиб» турганлигига гувоҳ бўлдим.  Қизиғи шундаки, Тойлоқ шаҳарчасига туташ, меҳмонларнинг ҳавасини келтирадиган Қўрғонча маҳалласидаги учала қишлокқа хонадон рақамлари аралаш-қуралаш қилиб бўлиб ташланган. Шундай бўлгач, туманнинг чекка маҳаллалардаги  ҳолатни тасаввур қилиш қийин эмас. Кузатишлар ва туманнинг турли ҳудудларида яшовчи фуқаролар билан суҳбатлар хўроз ҳамма ерда бир хил қичқираётганини кўрсатади.

— Боғизоғон яқинида, «Туёқли қишлоғи, 7-уй» ёзувли хонадонда яшайман, — дейди ҳамкасбимиз  Гўзал Музаффарова, — Бизда ҳам аҳоли уйларини рақамлашда қатъий тартиб йўқ. 99 рақами қишлоқ охирида бўлса, менга яқин хонадонлар дарвозасининг пешонасига 100 рақами «битилганлиги»ни ҳеч тушунолмайман...

...Мана, Соҳибқирон бобомизнинг гўзал боғларидан бири ўрнида қад рост-лаган сўлим ва шаҳарзеб гўша — Боғизоғонни тенг ажратиб турган халқаро аҳамиятдаги магистрал бўйлаб пиёда одимлаяпман. Тўрт юз қадамча йўл босиб, кўчанинг икки томонидаги дарвозаларга синчиклаб қарадим. Йўқ, бирорта дарвозада «уй номери»га кўзим тушмади. Шу онда бир пайтлар «Гулхан» журналида ўқиганим – ханда ёдимга тушди:

...Афанди қишлоқнинг уйлар зич жойлашган кенг кўчасида дўстининг рақамсиз уйини топа олмай, бир боладан сўрабди:

— Ўғлим, Эшим аканинг уйи қаердалигини билмайсанми?

— Биламан, бизнинг уйимиз билан ёнма-ён жойлашган.

— Э, қандай яхши! Унда сенинг уйинг қаерда?

— Эшим амакининг уйи ёнида...

   Хулоса қилиш ўзингизга ҳавола.                             

  Кўчаларга ном қўйиш керак(ми?)

Мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар биринчи галда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, одамларнинг ҳаётидан мамнунлигини таъминлашга қаратилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Улкан бунёдкорлик ишлари туфайли қишлоқларимиз чирой очиб, кўркам қиёфа касб этаётганлигини айтмайсизми?! Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури  тўғрисида»ги Фармони  муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат ва шу асосдаги дас-турга мувофиқ 2018 йилда Бахшитепа қишлоғи ва Шопўлот маҳалласида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди Демакки, ўтган йили тумандаги 2 та аҳоли пункти шаҳар киёфасига кирди.  Кўркам уйларга монанд равон, кафтдек текис йўллар барпо этилди. Жорий йилда яна 3та қишлоқ ва маҳалла янгича чирой очмоқда. Бу обод масканларда ҳам турмушидан мамнун одамлар умргузаронлик қилишига шубҳа йўқ. Шуни ўйлаб ва обод қишлоқларимизнинг равон кўчаларига ҳавас билан боқиб, уларга  муносиб номлар ярашади, деган хулосага келади киши. 

Аслида, бундан анча йиллар олдин биз таърифини келтирган обод Қозихона қищлоғининг режали асосда бунёд этилган ва узунлиги 300-500 метрни ташкил этадиган   кўчаларига Ёшлар, Обод, Наврўз, Ойбек каби номлар қўйилганлигини  катта ёшдагилар яхши эслашади. Кейинчалик бу номлар ёзилган лавҳалар олиб ташланди. Бугунги кунда «номдор» кўчаларни асосан, Тойлоқ шаҳарчасидагина учратамиз. Ваҳоланки, туман ҳудудидаги Бахшитепа, Боғизоғон, Шопўлот, Жумабозор, Пайшанбасиёб каби ўнлаб қишлоқларда номлашга арзигулик кенг, равон ва атрофидаги уйлар тартибли жойлашган кўчалар мавжуд. Уларга ном қўйиш шарт ва бу нарса одамларнинг кайфиятига ҳам ижобий таъсир этмасдан қолмайди, деб ўйлаймиз. Фақат шошма-шошарликка йўл қўймасдан  масалани оқилона ҳал этиш лозим бўлади. Олайлик, буюк тарихий шахслар ва машҳур адибларимизнинг номларини  қишлоқ кўчаларига қўйиш мақсадга мувофиқ бўлмаса (аслида бунинг ёмон жиҳати йўқ), одамларнинг эртанги кунга ишончи, кайфияти, миллий қадриятларимиз, юксак маънавиятимизни ўзида мужассам этган номларни танлаш тўғри йўл, деб ҳисоблаймиз. Масалан, Истиқбол, Ойдин, Равон, Фаровон, Нурли йўл, Гулафшон, Дилобод, Янги  йўл, Элибой, Меҳробод, Гулшан, Баҳористон, Чаманзор, Нуристон, Ораста, Чароғон, Маданият, Тотувлик, Ёшлар, Диёнат, Тинчлик, Элобод сингари юздан ошиқ жарангдор ва пурмаъно сўзлар орасидан кўча учун муносиб ном танлаш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Бундан ташқари ном танлашда ўша йўналишда жойлашган муассаса, корхона ёки муайян касб-кор эгаларига нисбат бериш ҳам самарали усул ҳисобланади.

 Айтайлик, кўчада қишлоқнинг кўрки бўлмиш мактаб биноси жойлашган бўлса, «Маърифат кўчаси»дан мақбулроқ ном йўқ. Ёки ҳунармандлар кўп яшайдиган кўчани уларнинг номи билан аташ мумкин. (масалан, Самарқандда Сўзангарон,   Дукчиён  каби кўчалар мавжуд).

Жаннатмонанд туманимиз ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида кундан-кунга гуллаб, яшнаб бораётган экан, биз қаламга олган ва арзимас бўлиб кўринган  муаммоларга ҳам ўрин қолмаслиги керак. Мақоламизга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда муштарийларимизнинг муносабати битилган мактубларни  кутиб қоламиз.

Абдулла НИСОРОВ.

комментариев