» » УЯЛИ ТЕЛЕФОН ОДОБЛАРИ

УЯЛИ ТЕЛЕФОН ОДОБЛАРИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Муҳаммад мустофога саловату саломлар бўлсин!
Бугунги кунда  ҳаётимиз учун зарур бўлган воситалардан бири телефон яъни уяли алоқа воситасидир. 
Ажнабий тилидан олинган “телефон” сўзи овозни узоқ масофага узатиш  маъносини билдиради. Авваллари бу мақсадга мўлжалланган асбоблар бўлмаган. Кейинчалик илмнинг ривожланиши натижасида овоз узатиш асбоблари ихтиро қилинди ва улар такомиллашиб бориб мисли кўрилмаган тараққиётга эришилди. Ҳозирга келиб телефон  мосламалари овозни узоқ масофага узатиш билан бирга сурат, видеотасвирга тушириш, уларни бошқаларга юбориш, овоз ёзиш, қисқа мактублар(СМС) юбориш, интернетга кириш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш каби бир қанча ишларни амалга ошириш воситасига айланиб қолди.
Фойдали нарсаларнинг ўзига яраша зиён тарафи ҳам бўлганидек, уяли алоқа воситасининг ҳам фойдали ва зарарли тарафлари ҳам бор. Агар уни манфаат йўлида ишлатиб, зарарли тарафидан сақланилмаса, неъматга нисбатан ношукрлик бўлади, киши ўзининг дунёси учун ҳам, охирати учун ҳам зиёнга ишлайди. 
Динимиз таълимотлари бўйича, барча амаллар ниятга қараб баҳоланади. Шунинг учун:
.Телефон сотиб олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга ишлатиш ниятини қилиш керак.
Бу борадаги яхши ниятдан силаи раҳимни тиклаш, яқин кишиларининг ҳолидан хабардор бўлиш, уларга яхши сўз ва тилакларни билдириш, ўз ҳожатини тезроқ битириш орқали вақтни тежаш ёки Қуръони Карим тиловатлари, панд-насиҳатларни тинглаш, ибратли кўрсатувларни томоша қилиш, фойдали матнларни мутолаа қилиш каби хайрли ишлар кўзда тутилган бўлади.
.Уяли алоқа жиҳозининг ўз эҳтиёжига ярашасини олиш.
Чунки эҳтёждан ташқари нарсага мол-пул сарф қилиш исрофдир . Исрофгарчилик ҳаромдир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат қилади:
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”(31- оят).
.Уяли алоқа воситаси ойнасига Аллоҳ лафзини ва Қуоъони карим оятларини қўймаслик лозимдир.
 Бу ишни қилиш мазкур нарсаларга нисбатан ҳурматсизликка олиб бориши мумкин. Чунки муққаддас лафзлар ойнада очиқ турган ҳолда телефонни бетаҳорат ушлаш, у билан нолойиқ жойларга кириш жоиз саналмайди.
.Уяли алоқа воситаси қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларини қўйиш мумкин эмас.
Қуръон мусиқа ёки қўнғироқ ўрнида ишлатилиши учун нозил қилинган эмас. Азон эса Исломнинг шиор-нишонларидандир. У мусулмонларни ибодатга чорлаш учун жорий қилинган ибодатдир. Азон каби, бошқа зикрларни ҳам қўнғироқ ўрнида ишлатиш мумкин эмас.
.Уяли алоқа воситасига Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинган нарсаларни жойлаштириш ҳаромдир.
Агар бундай нарсаларни жиҳозни ишлаб чиқарувчи  корхона-ташкилот киритиб қўйган бўлса, уларни дарҳол ўчириб ташлаш керак. Чунки , ўша тараф шу усул билан ҳам одамларни бузишга, улар орасида бузуқликни ёки фитналарни тарқатишга ҳаракат қилади.
.Уяли алоқа воситасига ўзгага тегишли бўлса унинг рухсатисиз олиш, ундан бировга қўнғироқ қилиш, унинг ичидаги нарсаларни очиб кўриш мутлоқо мумкин эмас. 
Бундай қилинганда, ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилинган бўлади. Бу албатта, катта хиёнатдир. Хиёнат эса ҳаромдир.
.Уяли алоқа воситаси билан ўзининг рухсатисиз бировни суратга олиш ёки овозини ёзиш мутлоқо мумкин эмас. 
Чунки бу жосусликдир, хиёнатдир. Агар ўша нарса бошқаларга ҳам  тарқатилса, бундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлади.
.Болаларга уяли алоқа воситасини олиб беришга шошилмаслик, олиб берганда ҳам, фақат зарурат юзасидан ишлатилишини йўлга қўйиш лозим. 
Болаларнинг қаердалигини билиш, баъзи ишларга чорлаш мақсадида уяли алоқа жиҳози уларда ҳам заруратга айланиши мумкин. Бу ҳолатда уларга фақат гаплашиш имконини берадиган жиҳоз олиб бериш керак. Бошқа функциялари борларини олмаслик мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, болаларнинг жиҳозларини назорат қилиб, ичидагиларни тез-тез текшириб туриш керак.


И.ИСАЕВ,
 Нарпай туман “Оқ масжид” жомъе масжиди имом хатиби     
  .

комментариев