» » Қарор ва ижро: “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили Тойлоқда оммалаштирилмоқда

Қарор ва ижро: “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили Тойлоқда оммалаштирилмоқда

   Сўнгги йилларда юртимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида бир қанча чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори имзоланган эди. Мазкур ҳужжатда барча ҳудуд раҳбарлари олдига уларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, имтиёзли кредитларни мавжуд шароит ва оилаларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда ажратишга эътибор қаратиш вазифаси қўйилди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш масаласига Тойлоқ туман ҳокимлиги алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан,  ҳар бир маҳалла, ҳудуднинг ихтисослашуви, аҳолининг деҳқончилик ва тадбиркорлик анъаналарини инобатга олган ҳолда “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Хусусан, 1-сектор ҳудудидаги Ғўлба маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Сой қишлоғининг 230 та хонадонида имтиёзли кредитлар асосида иссиқхона барпо этиш режалаштирилган. Бугунги кунда эса 29 та оила томорқасига жами 0,75 гектар майдонда иссиқхона қурилди.

    Халқ банкининг Тойлоқ туман филиалидан 24 500 000 сўм имтиёзли кредит олиб, 3 сотихлик иссиқхона барпо этдик, – дейди Илҳом Турсунов. – Аҳолини иш билан таъминлаш,  даромадини ошириш мақсадида яратилаётган бундай имкониятлардан мамнунмиз. Қолаверса, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида томорқачиликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бизга фақатгина қулайлик яратибгина қолмай, даромадимизни оширишга ҳам хизмат қилади. Масалан, қишлоқ аҳли билан келишиб, ҳаммамиз помидор ёки бодринг эксак, ҳосил пишиб етилгач унга харидор топиш ҳам муаммо бўлмайди. Бу усул маҳсулотни четга экспорт қилишда ҳам жуда қўл келади.
    “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида томорқачиликни ривожлантириш туманнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич оммалаштириш кўзда тутилмоқда.
        Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

комментариев