» » Самарқанд ОТМларига ўтган йилгидан 22 минг нафардан кўп абитуриент ҳужжат топширди

Самарқанд ОТМларига ўтган йилгидан 22 минг нафардан кўп абитуриент ҳужжат топширди

Пандемия шароитидан келиб чиқиб, жорий йил абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш Давлат тест марказининг онлайн рўйхатдан ўтиш тизими, ягона интерактив давлат хизматлари портали ва белгиланган ҳудудларда давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. Ҳозирда республикамиз бўйича 1 миллион 484 мингдан ортиқ абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги 9 та олий таълим муассасасига жами 139874 нафар абитуриентдан аризалар тушди. Бу ўтган йилгидан 22 мингдан зиёдни ташкил қилади. Абитуриентлар томонидан рўйхатдан ўтишда биринчи ОТМ сифатида энг кўп танланган олий таълим муассасалари рўйхатида Самарқанд давлат университети 75 минг 325 нафар абитуриент ҳужжат топширган ҳолда биринчи ўринда турибди. Тест синовлари ўтказиладиган бинолар бир кишилик стол-стуллар билан таъминланди
2020-2021 ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланиш учун Самарқанд шаҳридаги Даҳбед, Рудакий ва Ибн Сино кўчалари кесишмасида жойлашган СамДУ академик лицейи спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасининг 4 та спорт зали ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт зали танланган.
Бугунги кунда ушбу спорт мажмуаларида карантин қоидаларини эътиборга олган ҳолда (ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган) бир сменада, 71 та гуруҳда 2130 нафар абитуриентга мўлжалланган бир кишилик стол-стуллар, ҳавонинг мўътадиллигини таъминловчи катта сиғимли кондиционерлар, санитария-гигиена воситалари билан таъминланди.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда, ҳудудга ва бинога киришда дезинфекцион туннеллар ўрнатиш, ёруғликнинг тушиши, бинони шамоллатиш, абитуриентларни тик тушган қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олинди.
Абитуриентларнинг ҳудудга киришда тана ҳарорати ўлчанади. Агар ҳарорати 37 даражадан ошмаса, ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланган ҳолда бинога киришга рухсат берилади. Ҳар бир абитуриентга тест синовлари жараёнида 0,5 литр ичимлик суви, кўк рангли шарикли ручка берилади.
Абитуриентларнинг баъзилари тўловни тўлиқ амалга оширмаган
Олий таълим муассасаларига ҳужжат топшираётганда тўлов қилиши керак бўлган абитуриентларнинг айримлари белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширмади. Бундай ҳолатлар вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганлар ичида ҳам кузатилди. Бунинг учун Давлат тест маркази томонидан жорий йилнинг 21 июль куни соат 23:59 гача қўшимча равишда тўловни амалга ошириш бўйича муҳлат берилди.
Сохта чет тили сертификати билан ҳужжат топширган абитуриентлар ҳам бўлди
Қабул жараёнларида, яъни 20 июндан 20 июлга қадар рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг 8660 та ҳужжати чет тили сертификати сифатида дастурга киритилди. Буларнинг барчаси Давлат тест маркази томонидан текширилди ва 8079 та сертификат ўз тасдиғини топди.
581 та сертификат эса талабга жавоб бермаслиги аниқланди. Жумладан, 200 та сертификатда тилни билиш даражаси белгиланган В2 даражадан паст эканлиги, 117 та сертификат миллий ёки халқаро имтиҳон тизимларидан олинмаганлиги (ўқув марказлари томонидан берилган ёки халқаро бўлмаган сертификатлар), 69 та сертификатда амал қилиш муддати тугаганлиги, 7 та ҳолатда сертификатларнинг ҳақиқий эмаслиги, 9 тасида сертификат бошқа шахсга тегишли эканлиги ва бошқа ҳолатлар аниқланган.
Кириш тест синовлари қачон бўлиши маълум эмас
Ҳозирда жорий йилнинг 1 августига қадар карантин чекловлари белгиланган. Карантин чекловлари бекор қилинганидан ёки юмшатилганидан кейин давлат комиссияси қарори билан кириш тест синовларини ўтказиш режалаштирилган.
Воҳид СИРЛИБОЕВ,
Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.

комментариев