» » ҚАЧОНДАН БОШЛАБ АБИТУРИЕНТ РУХСАТНОМАСИ БЕРИЛАДИ?

ҚАЧОНДАН БОШЛАБ АБИТУРИЕНТ РУХСАТНОМАСИ БЕРИЛАДИ?

Ҳозирги кунда вилоятимиз абитуриентлари томонидан Давлат тест марказига “Абитуриент рухсатномаси”ни олиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.Маълумки, абитуриентларга олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш тест синовларида иштирок этиш учун “Абитуриент рухсатномаси” тақдим этилади.
Унда абитуриентнинг шахсий маълумотлари билан бирга, тест топшириш ҳудуди, тест топшириладиган сана ва вақт, тест ўтказиладиган бино, тест топшириш сменаси ва гуруҳ рақами каби бир қатор маълумотлар акс этган бўлади.
Рухсатномани шакллантириш ва абитуриентларга етказиш учун тест синовларини ўтказиш муддатлари белгиланган бўлиши керак.
Эслатиш жоизки, юртимизда карантин чекловлари давом этаётганлиги сабабли, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари ҳали белгиланмади.
Тест синовларини ўтказиш муддатлари юртимиздаги эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Тест синовларини ўтказиш муддатлари белгилангач, “Абитуриент рухсатномаси” шакллантирилади ва абитуриентлар Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (аbitur.dtm.uz) орқали рухсатномани юклаб олишлари мумкин бўлади.Бунинг учун абитуриент аккаунтига бириктирилган телефон рақамини йўқотмаслиги шарт.
 Тест синовларини ўтказиш муддатлари белгиланганда, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.


Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими

комментариев