» » Қандай ҳолларда хорижда ўқиётган талабаларнинг ўқиши Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчирилмаслиги маълум қилинди

Қандай ҳолларда хорижда ўқиётган талабаларнинг ўқиши Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кўчирилмаслиги маълум қилинди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашевнинг айтишича, хорижда ўқиётган олий таълим муассасаси томонидан талабанинг ўқиши тўғрисидаги сўровномага салбий жавоб олинган тақдирда ва бошқа ҳолатларда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.


«Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳолатларда ўқишни кўчиришга рухсат этилмаслиги белгилаб қўйилган:
– давлат аккредитациясидан ўтмаган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганларга;
– масофавий (онлайн) таълим шаклида таҳсил олаётганларга;
– хорижда ўқиётган олий таълим муассасаси томонидан талабанинг ўқиши тўғрисидаги сўровномага салбий жавоб олинган тақдирда», дея Фарҳод Бабашевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, вазирликнинг расмий сайтида ҳамда Telegram’даги каналида кундузги, сиртқи, кечки таълим шакллари ва қўшма дастурлар асосида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга оид маълумотлар ёритиб борилмоқда.
Олий таълим вазири матбуот котиби Transfer.edu.uz сайти орқали ўқишни кўчириш учун аризаларни онлайн қабул қилиш йўлга қўйилгани, талабгорлар 5 августигача рўйхатдан ўтишингиз мумкинлигини маълум қилди.
«2020–2021-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш (тиклаш) истагини билдирган фуқаролардан аризалар (ҳужжатлар) онлайн қабул қилинмоқда. Қабул қилинган аксарият ҳужжатлар қуйидаги сабабларга кўра камчиликларни тўғрилаб қайта юбориш учун қайтарилмоқда:
– паспорт нусхаси (доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйилган бети билан бирга) тўлиқ ёки сифатли юкланмаган (зеро ўқишни кўчириш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда талабанинг доимий яшаш манзили асословчи сабаблардан биридир);
– ОТМда ўқиётганлик (ўқиганлик) тўғрисидаги белгиланган шаклдаги ҳужжат (академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт) нусхаси тўлиқ ёки сифатли юкланмаган;
– ўқиган (ўқиётган) ОТМ ёки таълим йўналиши номи тўлиқ киритилмаган;
– мавжуд бўлмаган ОТМ ёки таълим шакли ёки таълим йўналишига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтилган.
Ўқишини кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтаётган фуқароларга юқоридаги ҳолатларни инобатга олишлари сўралади», дейди Фарҳод Бабашев.
Олий таълим вазирлиги ўқишини кўчириш (тиклаш) бўйича рўйхатдан ўтган аммо аризалари дастур орқали рад этилган фуқаролардан қайд этилган камчиликларни қисқа муддатда бартараф этган ҳолда камчиликларни тўғирлаб қайта жўнатишларини сўраган. Шу билан бирга, рўйхатдан ўтган фуқаролардан ўзларининг шахсий кабинетларига кириб (рўйхатдан ўтишдаги логин ва парол орқали) аризаларининг кўриб чиқилиш ҳолатларини доимий кузатиб боришларини эслатиб ўтган
kun.uz.

комментариев