» » Туман халқ таълими бўлимига мудир тайинланди

Туман халқ таълими бўлимига мудир тайинланди

Туман ҳокимлигида халқ таълими бўлими фаолиятини таҳлил этиш, муаммо ва камчиликларга танқидий ёндашган ҳолда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Баҳодир Бобоназаров, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, мактаб директорлари иштирок этди.
    Йиғилишда, дастлаб, ташкилий масала кўрилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов Халқ таълими вазирининг 2020 йил 14 августдаги буйруғига асосан, Ҳожиқулов Хуршид Қаҳҳоровичнинг Тойлоқ туман халқ таълими бўлими мудири лавозимига тайинланганини эълон қилди.
   Шундан сўнг, Саидаҳмад Усмонов кейинги пайтларда халқ таълими тизимидаги муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталиб, педагоглар билими ва салоҳиятини доимий равишда ошириш, устозлар беллашувини мунтазам ташкил этиш ҳақида сўз юритди.
    -Нафақат Тойлоқ туманида балки, вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам билимли, маҳоратли, фидойи ўқитувчилар кўп. Лекин, шундай бўлишига қарамай, таълим соҳаси оқсаяпти, -дейди йиғилишда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С. Усмонов. – Сабаби мактабларда эркак ўқтувчилар сони кескин камайиб кетди, ўқитувчиларнинг маошига, уларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароит яратиш кабиларга эътибор берилмади. Тизимдаги эътибор кўпроқ коллежларга қаратилиши оқибатида мактаблар коллежлар соясида қолиб кетди.  Бироқ, Президентимизга минг раҳмат бу камчиликларни ўз вақтида илғаб, соҳага алоҳида эътибор қаратдилар, ўқитувчиларнинг маошини, обрўйини кўтариб бердилар. Энди бунга жавобан педагоглар ҳам ўз устиларида ишлаб, билим ва савияларини ошириб боришлари шарт.
    Шунингдек, йиғилишда ўтган ўқув йилларида мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўсаткичлари, олтин медал олган ўқувчилар сони таҳлил қилиниб, бу борада келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар бўйича тавсиялар берди. Директорларнинг масъулиятни чуқурроқ ҳис этиш, мактабда педагогик жараёнларни самарали йўлга қўйиб, назорат қилиш бўйича фикрларини билдирди.
 

комментариев