» » Самарали ижод эътирофи

Самарали ижод эътирофи

Кўрик-танлов
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Энг улуғ, энг азиз" республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Хўжаев, Республика "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ва бошқалар ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади. 

Бу йилги "Энг улуғ, энг азиз" республика кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.



Ижодий лойиҳа "Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Бадиий академия, "Ўзбеккино" миллий агентлиги, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси каби ташкилотлар томонидан ўтказилди. 

Гарчи мураккаб пандемия шароити бўлса-да, кўрик-танловни юксак савияда, кўтаринки руҳда ва алоҳида масъулият билан ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. 

Ижодий танловнинг ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирлар жорий йилнинг 25 августидан 9 сентябригача бўлиб ўтди.




Пандемия шароитида ижодий ишлар белгиланган қатъий карантин қоидаларига амал этилган тарзда тегишли электрон почта ҳамда телеграмм-аккаунт орқали қабул қилинди. Танловга юртимиз ижодкорларидан кўплаб ишлар келиб тушди. Ўқувчилар фикрини эътиборга олиш мақсадида tanlov2020.uz веб-сайти ишга туширилиб, барча келиб тушган ижод намуналари мазкур сайтга жойлаштирилди. Сайтдаги овоз бериш жараёни эса 16-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. 

Барча ишлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовордир. 

Ижодий иши энг яхши деб топилган 22 нафар ижодкор "Энг улуғ, энг азиз" республика танловининг ғолиби бўлди.



– Бундай танловлар ижодкорни янада кўпроқ илҳом билан ишлашга чорлайди, – деди танловнинг Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби Эркин Оролов. – Танлов учун бугунги мураккаб пандемия даври акс этган ишларни тақдим этгандим. 

– Бугун ижодкор учун адолатли фикр билдириш, таҳлилни холис тарзда олиб бориш имкони мавжуд, – деди танловнинг Босма оммавий ахборот воситалари йўналиши бўйича ғолиби "Ёшлар овози" газетаси бўлим муҳаррири Наргиза Умарова. – Бу эса ижодкорлар зиммасига катта масъулият юклайди. 

Тадбирда ғолибларга диплом ва совғалар топширилди. Сўзга чиққанлар ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА



комментариев