» » Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг туман аҳлига Янги йил байрами табриги.

Тойлоқ туман ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг туман аҳлига Янги йил байрами табриги.


Азиз юртдошлар,
Қадрли тумандошлар!
    Яна саноқли соатлардан сўнг кўп миллатли халқимиз жорий  Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”ни кузатиб, қувончу ташвишларини, эришган ютуқ ва айрим улгурмаган ишларини сарҳисоб этган ҳолда, Янги йил остонасига беғубор орзу-умидлар билан қадам қўймоқда. Янги йил аслида янги қувонч, янги шодлик ва янги истаклар айёмидир. Мен сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини ушбу улуғ шодиёна, кириб келаётган 2021 йил билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
    Шубҳасиз, жорий йилимиз интиҳосини шукуроналик туйғуси билан кузатишга ҳақлимиз. Фикримиз далилини эса юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз иқтисодиётининг барқарор суратларда ўсаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.
   Якунига етаётган йилимиз юртдошларимиз ҳаётида унутилмас йил бўлиши табиий. Чунки бу йил синовларга мўл йил бўлди: табиий офатлар, Сардоба сув омборининг ўпирилиши, қолаверса, коронавирус пандемияси сабаб бошимизга оғир кунлар тушди. Бироқ, муҳтарам юртбошимизнинг доно ва оқилона сиёсати, қолаверса, халқимизнинг бирдамлиги, меҳнаткаш ва саҳоватпешалиги сабабли бу қийинчиликларни енгиб ўтдик. Юртимизда эпидемиологик вазият анча яхшиланди. Илоҳим, коронавирус балоси ортга чекингани рост бўлсин.
    Шуни такрор ва такрор эътироф этиш жоизки, юртимизда қўлга киритилаётган ютуқлар замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
    Пандемия шароити бўлишига қарамасдан 2020 йилда барча соҳаларда халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришларни амалга оширдик. Туманимизда замонавий корхоналар иш бошлади, юзлаб янги иш ўринлари очилди. Кўп қаватли аҳоли турар жойлари, таълим масканлари, соҳа объектлари бунёд этилди.Йўлларимиз созланди.
   Ишонаманки, янги — 2021 йилда ҳам ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ҳамда режалардан оғишмасдан диёримизни янада обод ва кўркам қилиш йўлида самарали меҳнат қиламиз. Тадбиркорлик ва хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия  сифатини ошириш каби ишларни давом эттирамиз. Эҳтиёжманд оилалар ва ёрдамга муҳтож инсонларни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларини оширишга эътиборни янада кучайтирамиз. Хонадонларимиз фариштаси бўлган нуронийлар, опа-сингилларимиз ва ёшларимизга ғамхўрлик кўрсатиш доимо бош вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
 
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
 
Барчангизни Янги йил байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Янги йил ҳар бир юртдошимизга, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар олиб келсин!
Халқимизнинг барча орзу-ниятлари ушалсин!
2021 йилнинг қадами қутлуғ келсин!
 
Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

комментариев