» » Виртуал тармоқ — хатарли қармоқ

Виртуал тармоқ — хатарли қармоқ

Глобал тармоқнинг шиддат билан ривожланиши кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Ахборотни тезда топиш нуқтаи назаридан сиз-у бизга бу анчагина қулайлик. Аммо виртуал тармоқда миллионлаб ахборотлар кўпайиб кетдики, улар орасида инсон ҳаётига хавф солувчилари ҳам йўқ эмас.
Ёшларимизнинг кўпчилиги бўш вақтини мазмунли ташкил этишнинг энг яхши йўли сифатида ижтимоий тармоқларни эътироф этишади. Йигит-қизларимиз кўпинча янгиликлар излаш, дўстлар орттириш, мулоқот қилиш, мусиқа ёзиб олиш, видео кўришда виртуал тармоқдан фойдаланишади. Аммо унинг зарарли томонлари  ҳақида ўйлаб кўришмайди. 
Ижтимоий сайтларда ҳеч қандай тўсиқларсиз жойлаштирилаётган беҳаё суратлар, гиёҳвандлик, диний порнографик ғоялар акс этган видеороликлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган ўсмирларимизни ахлоқий бузуқлик, тажовузкорлик, зўравонликка ундайди. Интернет тармоғи орқали намойиш этилаётган ва миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайдиган фильм ва клиплар ҳам уларнинг онгига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ёшлар қалбига анъана ва урф-одатларимизни, она Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини чуқур сингдириш ҳамда уларни ғоявий хуружлардан асраб, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этувчи маънавий-маърифий тадбирларни кучайтиришимиз лозим. Фарзандларимизга мустақил фикр юритиш, мукаммал билим олгандагина етук мутахассис бўлиб етишиш мумкинлигини тушунтириш орқали уларнинг виртуал тармоқдан тўғри ахборот  танлай олишига эришишимиз мумкин.
Г. МУЗАФФАРОВА.

комментариев