» » ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

 Кейинги тўрт йилда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари учун янги давр бошлангани барчага маълум. Айниқса, ўтган 2020 йил судлар фаолияти учун тарихий ўзгаришларга бой бўлди. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил давом эттирилиши таъкидланди. Дарҳақиқат, жорий йилимиз ҳам қонунчиликда сермаҳсул ва самарали бошланди. Изчил олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида 12 январь куни Президентимиз бир қатор қонунларни имзолади. Бу қонунларда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган. Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят-процессуал, Фуқаролик-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.
2021 йил 18 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун Ўзбекистон қонунчилиги тарихида бўлмаган янгиликларни жорий этмоқда. 
Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланилиб келинаётган мазкур амалиётлар, миллий қонунчилигимизга, қолаверса миллий менталитетимизга мослаштириб ишлаб чиқилди. Бу тартиб жуда кўп ортиқча ташвишларни олдини олади. 
Қонунчиликка жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, деб номланган яна бир муҳим янгилик киритилди. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.
Дастлабки эшитув суриштирув одил судловга киришишнинг дебочаси бўлиб, энг муҳим тамойил — тортишув принципи асосида амалга  амалга ошириладиган  процессуал жараён. Чунки ҳақиқат баҳсларда, тортишувларда очилади.
Судья жиноят ишини қабул қилиб олгач, аввало унинг ўзи фаолият юритаётган суд судловига тегишлигини аниқлайди. Кейин жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш масаласини кўриб чиқади. Мана шу ерда ҳақиқий мураккаблик юзага келар эди. Судья якка тартибда, тарафлар иштирокисиз жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатиш учун асослар бор ёки йўқлигини аниқлаши деярли имконсиз ҳолат. Шу пайтда тарафлар иштирок этганда тортишув ҳолати юзага келади ва тўғри хулосага келиш мумкин бўлади. Амалиётда шундай эдики, судья ишни тугатиш асоси мавжудлигини яққол кўриб турса-да, ноилож жиноят ишини судда кўриш учун тайинлар эди. Сўнг суд мажлисида — тарафлар иштирокида бу масалани ўрганиб, жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинарди. Бу эса қанчадан-қанча оворагарчилик, иш вақти, суд ходимларининг беҳуда меҳнатидир.
Бу вазиятнинг оптимал ечими – жиноят ишини судга тайинлаш босқичини тарафларнинг фаол иштироки ва тортишув принципини реал таъминловчи дастлабки эшитув шаклида ташкил этишдир. Демак, дастлабки эшитув жорий этилиши суд, дастлабки тергов органлари ҳамда фуқароларнинг вақти ва саъй-ҳаракатларининг тежалиши, жиноят ишлари юритувига жалб этилган шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тез фурсатда тикланишини таъминлашга хизмат қилади. 
Қонунчиликдаги ушбу янгиликлар суд-ҳуқуқ тизимида янги даврни бошлаб беради. Мазкур янгилик қонун устиворлиги ва адолат тантанаси, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини юқори даражага кўтариб, одамлар рози бўлиши учун бемисл хизмат қилади.


Баҳодир Алиқулов,
Самарқанд вилоят суди судьяси.
Марат Эргашев,
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман судининг раиси.





комментариев